Яратилиш санаси 29.11.2021

ЭКСТРЕМИСТИК ОҚИМЛАР – ЗАЛОЛАТДИР

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида бўлаётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлаётгани барчамизга маълумдир. Бундай ташвишли, таҳликали тўқнашувларнинг асосий сабабчилари муқаддас ислом динимизни ўзларига ниқоб қилиб олиши орқали ўзлари истаган салбий оқибатларни келтириб чиқармоқдалар. Бундай жиноятчилар ўз жирканч ғояларини амалга ошириш йўлида ояту ҳадисларни истаганларича талқин қилишмоқда. Оқибатда бу қалтис иш жоҳил кимсаларнинг залолатга ботишига ва бегуноҳ инсонларнинг зўровонлик қурбонлари бўлишига олиб келмоқда.

Қуръон оятлари ва ҳадисларни хатарли, ғаразли мақсадларда бузиб талқин қилиш Исломга бутунлай зид, яъни гуноҳи кабирадир. Қуръон оятлари ва ҳадислар оддий сўзлар эмас, балки оятлар Аллоҳнинг каломи, ҳадислар эса Пайғамбаримизнинг муқаддас сўзларидир. Ҳар қандай киши булардан ўзича ҳукм чиқарса, муқаддас Каломнинг ҳурматини оёқости қилган бўлади ва Пайғамбар (алайҳиссалом) нинг: “Ким Қуръонни ўзича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, деганлар.

Юқорида тилга олинган бундай салбий холатларни келтириб чиқарувчи кимсалар асосан ХХ асрга келиб турли хил ном билан аталувчи тоифа ва оқимлар пайдо бўла бошлади. “Нурчилар”, “Ҳизбут-таҳрир”, “Мусулмон биродарлар”, “Ҳизбуллоҳ”, “Акромийлар” деган тоифалар пайдо бўлиб, улар бошқа фирқалардан фарқли ўлароқ ҳозирги кунда мусулмонларга намоз ҳам, рўза, закот, ҳаж ҳам фарз эмас деган эътиқод ва давони олдинга сурмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам залолатга кетишнинг олдини олиб, “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек махкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат-залолатдир”— деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида ўзларининг ғаразли ниятлари билан тинч ахолининг осойишталигини бузаётган айрим террористларнинг мудҳиш вазифалари ва уларнинг олиб бораётган ишларининг самарасиз эканлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларимизни кенг жамоатчиликка билдириб ўтишимиз олдимизда катта мақсадларимизнинг биридир. 

Олимхон Исақов