Яратилиш санаси 30.11.2021

НАМОЗДАН БОШҚА ВАҚТЛАРДА ҚИРОАТ ҚИЛИШ БОРАСИДА ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАР

1. Баъзи машойихлар Қуръонни хатм қилиш чоғида “Ихлос” сурасини уч бор ўқишликни маъқул кўрмагалар. Фақиҳ Абу Лайс роҳматуллоҳи алайҳ: “Бу Ироқ аҳли ва шаҳар имомлари яхши санаган иш. Уни қилишликда кароҳият йўқ. Чунки мусулмонлар яхши деб билган нарсалари Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир”, деганлар. Фақатгина Қуръон хатми фарз намозларда бўлса, бир мартадан зиёда қилинмайди.

2. Насроний кишини Қуръонни билишлигида зарар йўқ. Чунки у тавба қилиши ҳам мумкин.

3. Қуръон хатмонаси қилмоқчи бўлган кишига Абдуллоҳ ибн Муборак тавсия ўлароқ айтганлар: “Менга Қуръон хатмонаси ёзда кундузнинг аввалида, қишда кечанинг аввалида бўлиши суюкли. Чунки, киши кундузнинг аввалида хатмини тамомласа, то кеча киргунча фаришталар унга саловот айтади. Агар у кечанинг аввалида хатмини тамомласа, то тонг отгунча фаришталар унга саловот айтади”.

4. Киши Қуръон қироат қилмоқчи бўлса, энг гўзал ҳолатда бўлиши мустаҳаб. У кийимининг муносибини кийсин, салласини ўрасин ва қиблага юзлансин. Чунки, қорига Қуръонни улуғлаши, олимга илмни улуғлаши вожиб бўлади.

5. Қабристонда Қуръон қироат қилиш борасида уламолар бир неча сўз айтишган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ наздларида макруҳ, Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ наздларида макруҳ эмас.  Машойихларимиз имом Муҳаммаднинг сўзларини олганлар. Қуръон қироати маййитга наф берадими? Бу борада уламолар маййитга мағфират умид қилинишини айтганлар. Қабристонда ва бошқа жойларда қироат қилиш маййитга манфаат маъносида бир хил. Чунки, Аллоҳ таоло ўта эшитгувчи зотдир. Ихтиёр қилинган сўз шуки, маййит Қуръон қироатидан наф олади. Чунки “Оятал курсий”, “Ихлос”, “Фотиҳа” ва бошқа суралар қироат қилиш борасида хабарлар ворид бўлган.

6. (Айн) Бир киши Қуръон тиловат қилган ҳолда бирор пайғамбар исмини айтаётган киши олдидан ўтса, унга саловот айтиш вожиб эмас. Қуръонни ўз назми ва таълифига кўра қироат қилиш пайғамбарларга саловот айтишдан кўра афзалроқ. Қироатидан фориғ бўлгандан кейин саловот айтса яхши. Агар айтмаса уни зарари йўқ.

7. Қори азонни эшитиб қолса, у қироатдан тўхтайди ва азонга қулоқ солади. Чунки азонни эшитганда унга жавоб бериш борасида асарлар ворид бўлган.

8. (Син) Намоздан бошқа пайт қироат қиладиган кишига ҳар бир сурани бошлашда тааввуз айтиши вожиб эмас. Чунки уларнинг барчаси битта мажлис деб қаралади. Унга қироат аввалида бир бор тааввуз айтиши кифоя қилади. 

9. Бир киши фиқҳ ёзмоқда. Унинг ёнида бошқа киши Қуръон ўқияпти. Фиқҳ ёзаётган кишига Қуръон тинглаши мумкин эмас. Гуноҳ Қуръон ўқувчига бўлади. Чунки у одамлар ўз ишларидан чалғийдиган ўринда қироат қилди. Фиқҳ ёзаётган кишига зарар йўқ.

10. Рамазон ойи Қуръон хатмонасида ва жамоат билан хатми Қуръон қилинган вақтда дуо қилишлик макруҳ. Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумлардан нақл қилинмаган. Шунинг учун Абул Қосим Саффор: “Бу диёр аҳли “дуодан ман қилинади” демаганларида, мен уларни ман қилардим. Лекин бу маълум ва фатво берилмаган иш”, деганлар. Чунки, оммага ақллари етмайдиган нарсаларни айтиш шарт эмас.

11. Мавло қулига Қуръонни ўргатиши вожибми? Мавлога намоз адоси учун зарур бўладиган миқдорда Қуръон ўргатиши вожиб бўлади.

12. Насроний киши Қуръон таълим олса ва уни ўргатса бўлади. Фиқҳни ҳам. Шояд у ҳидоят топса. Лекин мусҳафни ушламайди. Ғусл қилиб сўнгра ушласа жоиз. (Мусанниф розияллоҳу анҳу: “Бу имом Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг сўзи. Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ наздларида мусҳафдан мутлақо ман қилинади”, деганлар). 

13. Ҳомилул Қуръон ҳар 40 кунда хатм қилиши керак. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “40 кунда Қуръонни ўқиб чиқ”, деганлар.

14. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий роҳимаҳуллоҳ: “Қуръон ўқувчи, агар зиёда қилишга қодир бўлмаса, йилда икки марта хатм қилиши лозим”, деганлар. Абу Ҳанифадан ривоят қилинади: “Ким Қуръонни йилда икки бор хатм қилса, Унинг ҳаққини адо этибди”. Бунинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топган йиллари Жаброил алайҳиссаломга икки бор ўқиб берганликлари борасида қилинган ривоят. 

15. Фақиҳ Абу Лайс роҳимаҳуллоҳ “Бўстон” номли китобларида: “мусҳафга қараб қироат қилиш ёддан қироат қилишдан кўра афзал. Бу борада ривоятлар келган”, деганлар. Сабаби, унда икки ибодат жамланган: Аллоҳ таолонинг китобига назар солиш ва қироат қилиш.

16. Бир киши қироатида хато қилиб Қуръон ўқияпти. Уни эшитган бир инсон, агар унга тўғри ўқишни ўргатса-ю, қироат қилаётган кишига бу нарса ёқиши ёки ёқмаслигини билмаса, лекин мана шу тўғрилаши билан адоват пайдо бўлмаслигини билса, унга тўғри ўқишни ўргатади. Бу ҳолда, қироат қилувчини хатосини тўғриламасдан тарк қилишида кенгчилик йўқ. Агар тўғрилаши туфайли унинг жаҳли чиқишини ва ўртада адоват пайдо бўлишини билса, унинг хатосини тўғриламаслиги мумкин. Чунки бу иш фойда бермайди.

Саминов  Азамжон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси