Аллоҳ таолонинг азоби ва неъмати
Аллоҳ таоло жаннат аҳллари ҳақида шундай марҳамат қилади:
قَالَ اللَّهُ هَٰذَا يَوْمُ يَنْفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ ۚ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди. (Моида сураси, 119-оят)
Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. Аллоҳ таолонинг раҳмати Ўзи суйган бандаларига берадиган роҳати шу даражадаки, бордию жаннат аҳлларига барча денгиз ва океанлардаги сувларнинг томчилари ададига тенг бўлган миқдордаги йилларча Жаннатда қоласиз дейилганда, Жаннат аҳлларига унинг неъматлари татимас эди. Бир кун келиб айрилар эканман, деган ғам ҳар қандай улуғ неъматга нуқсон етказади. Аллоҳ таоло “унда абадий/боқий қолурлар“, демоқда. Бу неъмат узра неъмат, роҳат устига роҳатдир. Буни бир тафаккур қилиб кўрайлик...
Жаҳаннам эгалари бўлган кофирлар ҳақида эса:
إِنَّ اللَّهَ لَعَنَ الْكَافِرِينَ وَأَعَدَّ لَهُمْ سَعِيرًا
Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди.
خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۖ لَا يَجِدُونَ وَلِيًّا وَلَا نَصِيرًا
Улар унда абадий бардавом қолурлар. На бир дўст ва на бир ёрдамчи топа олмаслар, дея хабар берган.
(Сабаʼ сураси, 64-65-оятлар)
Аллоҳ таолонинг ғазаби/лаънатга учраган кофирларга берадиган азоби шу даражадаки, бордию жаҳаннам эгаларига саҳролардаги қум зарраларининг саноғига тенг мидордаги йилдан сўнг ундан чиқасиз, дейилганда, ана шунинг ўзи уларнинг азобларини бироз енгиллатган ва бир кун келиб бу азоблар тугайди, деб озгина бўлсада таскин топар эдилар. Азоб ҳар қанча катта бўлмасин, бир кун ниҳоясига етишини аниқ билиш, уни енгиллатади. Аммо, Аллоҳ таоло жаҳаннам эгалари ҳақида “улар унда абадий/бардавом қолурлар“, демоқда. Бу азоб устига азобдир. Аллоҳ таоло бундан панох берсин.
Дунё ҳаёти вақтинча. Ҳозир олаётган ҳар бир нафасимиз ҳам ғанимат. Ҳавои нафс истакларидан тийилиб иймон, Аллоҳ ва Росулига бўлган муҳаббат тақозоси ила қадам босиш вақти келмадими?!
Ҳакимлардан бири айтади: Охири Жаннат бўлган машаққатнинг нимаси машаққат?! Охири Жаҳаннам бўлган роҳатнинг нимаси роҳат?!
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси