Яратилиш санаси 10.12.2021

МАДҲИЯМИЗ – ИФТИХОРИМИЗ

10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.

Давлат рамзлари – давлат мустақиллигини шартли равишда белгиловчи ташқи белги, нишона ёки тимсоллардир. Булар муайян давлатнинг байроғи, герби, миллий валютаси ва мадҳиясидир. Улар мазкур давлатнинг тузумини, халқнинг табиати-менталитетини, иқтисодий асосларини ва бошқа муҳим белгиларини англатади. 

Давлат рамзлари кўп минг йиллик тарихга эга бўлиб, миллий давлат қурилиши ва маданий ривожланиш тарихи билан боғлиқ.

Жумладан, бу рамзлар мазкур давлат фуқароларига гўёки рухсатнома ёхуд ҳужжат ҳисобланган. Тарихий манбаларда берилган маълумотларга кўра, Буюк Амир Темур бобомиз давлат рамзларига жуда юксак сиёсий аҳамият берганлар. Амир Темур жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, у мамлакат байроғини баланд тутсин, деб фармон берганлар. Байроқнинг эгилиши мағлубият белгиси деб қабул қилинган.

Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг янги давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Мустақиллик йилларида “Ватан тимсоллари” ҳамда “Давлат рамзлари” атамаларини эмин-эркин, қолаверса, бутунлай янги маъно-мазмун билан ишлатадиган бўлдик.

Мустақиллик бизга инъом этган ватанпарварликнинг олий рамзлари ҳақида сўзламасдан илож йўқлиги, ватанпарварликнинг олий рамзлари халқимиз ва ҳар бир фуқаро қалбидан мустаҳкам ўрин олаётганлиги ниҳоятда қувончли эканлигини, мадҳия – давлат истиқболи, халқ иродасини ифодалаб қолмай, миллий онг, ифтихор, миллий ғурур, эътиқод-иймон белгисидир. 

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир давлат фуқароси ўз рамзларини тумордек эъзозлаши шарт. У қайси миллатга ёхуд динга мансуб бўлмасин, ўз давлатининг шон-шавкати учун куюниши табиий бўлмоғи керак.

Зеро, Ватан мадҳияси унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.

Давлат рамзлари – ўта муайян тушунча. Учта рамзгина, қачон ва қаерда бўлишидан қатъий назар, давлатни билдиради. Бу Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳиясидир. Рамзларнинг ҳар бири махсус қонун билан қабул қилинган. Бу қонунлардан ҳар бирининг иккинчи моддасида шу муайян рамзнинг давлат мустақиллиги белгиси экани алоҳида қайд этилган.

1992 йил 10 декабрь тарихимизга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Бу кун Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитети мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берган қонун қабул қилинди. Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир.

Албатта, Давлат мадҳияси – миллий мустақиллик, озодлик ва ўз тақдирини ўз қўли билан яратишга ишониш каби умуминсоний ва миллий қадриятлар маҳсулидир. 

Замонавий ҳуқуқий энциклопедик луғатларда давлат мадҳиясига Ватанни, давлатни, тарихий воқеаларни, қаҳрамонларни мадҳ этувчи давлат рамзларидан бири сифатида таъриф берилади. 

Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари,  турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига ишонч ва ҳурматни расмий мусиқа ва матн билан ифода этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубидан чуқур муҳаббат қайнаб чиқади, ҳурмат эътибор кучаяди, ғурурланамиз. Ўзбек халқидай буюк миллатни аждодларимиз ҳоки ётган замин узра бирлаштирган она Ватандан доимо фахрланиб, унга садоқат, бор меҳримиз, меҳнатимиз, истеъдодларимизни бахш этиб, яшашимиз зарур.

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири