ДУНЁ – ОХИРАТ ЭКИНЗОРИ
Маълумки, дунё ҳаёти мўмин-мусулмонларга берилган катта имконият бўлиб, бундан фойдаланиб, ҳар бир банда дунё ва охиратини обод қилиши зарур. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши дунёсини деб охиратини ва охиратини деб дунёсини унутмаслиги лозим. Киши дунё ҳаёти даврида охиратига катта захиралар қилишга доимо ҳаракатда бўлмоғи – динимиз талабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир (Ҳашр сураси 18-оят).
Демак, дунё ҳаётини ғанимат билиб, унда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз, ҳамиша динимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун манфаатли, хайрли амаллар устида бўлишимиз керак.
Дунё ҳаёти жуда ҳам қисқа муддат экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Фақатгина сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсинчи, бармоғига нима илашибди” (Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда охират ҳаёти денгиздаги сувга ва дунё ҳаёти эса, денгизга солинган бармоққа ёпишган сувга ўхшатилмоқда. Демак, инсонни дунёдаги ҳаёти жуда ҳам кам муддат экан. Лекин афсуски, шунга қарамасдан кўпчилигимизда дунёга бўлган муҳаббатимиз жуда ҳам кучлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Эй, инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси 5-оят). Яъни сизларга шайтон Аллоҳ номидан ваъда қилиб: “Гуноҳ ишларни қилаверингиз! Тоат-ибодат шарт эмас, Аллоҳ кечирувчидир” каби сўзлар билан алдаб қўймасин!
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун уламоларимиз томонидан қуйидаги нарсаларга амал қилиш тавсия қилинган:
Дарҳақиқат, охират ҳаётини абадий эканига имони комил бўлган киши дунё ҳаётига муккасидан кетмайди. Афсуски, ҳозирги кунда баъзиларни кўрсангиз худди ўлмайдиган кишидек бор имкониятини молу давлат топиш ва айшу ишрат қилишга сарфлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларни унутиб, охиратини эсдан чиқаради. Бундай кишиларни охиратдаги аҳволи жуда оғир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, унга танг-тор ҳаёт бўлади ва Қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: “Парвардигоро, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!” деди. У Зот: “Ҳа, шундай: сенга оятларимиз келганида уларни унутдинг. Сен ҳам бугун шундай “унутилурсан”, деди” (Тоҳо сураси 124-126 оятлар).
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун дунё ҳаёти охират учун экинзор эканини англаб етиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон дунё ҳаёти вақтинча ва фоний экани, охират ҳаёти абадий ва тугамас эканини яхши англаса, дунё ҳаётидаги вақтини қадрига етади ва ундан унумли фойдаланади. Баҳор фаслида деҳқон ўз ерига уруғ экиб, уни парваришлаб, кузда ҳосил олгани каби, биз ҳам бу дунёдаги қисқа умримизда охиратдаги абадий ҳаётимиз учун ҳосил тайёрлаймиз. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб: “Бу дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлинг”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Дарҳақиқат, мусофир киши турган жойидан тез фурсатда ўзини асл манзилига кетишини билгани учун ҳам турган жойига асосий эътиборини қаратмайди. Балки асосий эътиборини асл ватанини обод қилишга қаратади. Бизни дунёдаги ҳолатимиз ҳам мусофир каби бўлиши керак экан.
Дунё ҳаёти охират учун экинзор бўлганидан кейин ҳар бир мўмин-мусулмон киши барча яхши ва савобли ишларда бошқалар билан мусобақа қилишга ҳаракат қилиши керак. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, фақир муҳожирлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Мол-дунёси кўплар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар”, – дейишди. У Зот: “Нега бундай деяпсизлар?” – дедилар. Улар: “Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади. Биз рўза тутганимиздек рўза тутишади. Улар садақа ҳам қилишади. Биз садақа қила олмаймиз. Улар қул озод қилишади, биз озод қила олмаймиз”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дедилар: “Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?” – дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, – дейишди. У Зот: “Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ, такбир ва ҳамд айтасиз”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, “ҳар бир ишимни Аллоҳ кўриб турибди” деган эътиқодда бажараётган киши топаётган молини ҳалолдан бўлишига ҳаракат қилиб, бировни ҳаққидан ҳазар қилади ва ҳар бир ишида охиратга захира қилишга уринади.
Қаноатли киши фақирликдан қўрқмайди, бахиллик ҳам қилмайди. Гуноҳдан сақланади, эзгуликда бардавом бўлади. Агар у Аллоҳ берган нарсага озми-кўпми, қаноат қилса, икки дунёда ҳам танглик кўрмайди. Минг афсуски, арзимаган дунё матосини деб, бировлар билан талашиб, уришган ҳатто бир қориндан тушган ака-укалар ҳам арзимаган дунё матоҳини талашиб, юз кўрмас бўлишлари мусулмончиликка асло тўғри келмайди.
Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун молу дунёда ўзидан пастдаги кишиларга қараши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай деганлар: “Мол-дунёда ўзингиздан пастга қаранг! Ўзингиздан юқорига қараманг! Ана шунда, Аллоҳнинг сизга берган неъматини таҳқирлаб қўймайсиз” (Имом Термизий ривоятлари).
Муаммоларимиз шундаки, бор неъматларимиз шукрини қилмасдан, қўлимиздаги нарсага эмас, бировнинг қўлидаги нарсага қараймиз. Билмаймизки, бошқалар қўлидаги нарсаларга қарашимиз ўз қўлимиздаги нарсалардан фойдаланиш лаззатини йўқ қилади.
Хулоса қиладиган бўлсак, дунё ҳаёти бандаларга катта-катта савобли амалларни бажариб олишга имконият ва фурсат экан, бундан унумли фойдаланиб, зиммамиздаги ибодатларни вақтида бажариб, муҳтожларга ёрдам ва хайр-саховат қилиб, ўзгалар билан муомала ва муносабатимизни чиройли айлаб, барча яхши ва савобли ишларда пешқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Насритдинов Ривожиддин
Билим юрти маънавий-маърифий
ишлари бўйича мудир ўринбосари