Яратилиш санаси 01.01.2022

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг устозлари ва замондошлари

Баъзи тарихчилар Имоми Аъзамни тобеинлардан кейинги авлод мусулмонларидан дейдилар. Аммо аксар уламолар у кишининг тобеин бўлганлари, саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ, ибн Абу Авфо, восила ал-Асқаъ ва Омиир ибн Восила (розияллоҳу анҳум) каби саҳобалар билан кўришганларини такидлаганлар шундай дейдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу ҳақида “Кифоя” номли асарларида саҳобани кўрган шахс тобеин бўлади, деган уламолар “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеин”-дейдилар. Саҳобани кўрсаю, суҳбатни топмаса тобеин бўлмайди, дейдиган уламолар “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеин эмас” дейдилар. Бу мавзуда Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Иқоматул Ҳужжа” номли китобларида жуда кенг бахс олиб борганлар ва “Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳини тобеинлардан” деювчилар кўпчилик муҳаққиқ олимларни ташкил қилишини айтиб ўтганлар.

Машҳур фақиҳ Муҳаммад Амин ибн Обидин таъкидлашларига кўра Имом таваллуд топганларида ер юзида 20 га яқин саҳоба ҳаёт бўлган экан. Гарчи буларни барчаси билан учрашмаган бўлсалар ҳам тўртта саҳобий билан кўришганлари тўғрисида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Булар қуйидача тасвирланган:

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, баъзилар Абу Ҳанифа саҳобалардан яна Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ ва Абдуллоҳ ибн Унайсарни ҳам кўрган дейдилар. Лекин кўпчилик муҳаддислар бу хато  эканлигини таъкидлайдилар. Чунки саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ ҳижрий 79-йили яъни Имом Абу Ҳанифа таваллудларидан бир йил аввал Мадинаи Мунавварада вафот этган бўлсалар, Абдуллоҳ ибн Унайс эса ҳижрий 54-йил вафот этганлар. ва  улардан яна бири Абдуллоҳ ибн Ҳорис ҳижрий 86-йили Мисрда вафот этганлар. Гарчи бу саҳобанинг вафотлари Имомнинг таваллудларидан 6 йил ўтгандан кейин бўлса ҳам, Абдуллоҳ ибн Ҳорис Куфага кирмаганлари ва имом билан учрашмаганлари муҳаддис уламоларга маълум. 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлардан илм олганлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мулла Али қорининг таъкидлашларича Имомнинг устозларининг сони тўрт мингтагача етади. Баъзи шоирлар шу маънони ўз манзумаларида қуйидагича ифодалаганлар:

غَدَا مذهبُ النُعمانِ خيرَ المَذاهِبِ ... كذا القَمَر والوضَّاح خيْر الكَواكِبِ

تَفَقَّهَ فى خيْرِ القُرُونِ مع الثِّقَة ... فَمَذْهَبُهُ لا شَكّ خيرُ المَذاهِبِ

ثلاثةُ الآفِ والفٌ شُيوخُهُ ... واَصْحابُهُ مِثلُ النُّجومِ الثَّواقِبِ

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳга ружуъ қўйиб, ўша вақтнинг буюк машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар: “Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим”.

Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтганимиздек, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. У зот ўз замонасининг энг йирик олими фақиҳ, ўта зирак, олийжаноб бир шахс эдилар. Ҳаммод ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўз навбатида Куфанинг энг машҳур олими Иброҳим Нахаъийдан таълим олганлар. Унинг шогирдлари ичида зийракликда фақиҳликда, қиёсга моҳирликда, мунозара ва райга ўткирликда ажралиб турар эдилар. Шунинг учун ҳам Имом Нахаъийнинг баъзи шогирдлари ажабланиб: “Ҳаммод фатво бера бошлаган эмиш” деганларида, у зот бунга жавобан: “Муфтийлик қилишдан уни нима ман қилсин?! Ахир унинг ёлғиз ўзи мендан сўраган нарсасини сизлар ўндан бирини ҳам сўрамадингиз-ку!” деган эканлар.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ 18 йил давомида Ҳаммод ибн Аби Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар. Бу ҳақда Имомнинг ўзлари шундай дейдилар: “Мен Ҳаммодни лозим тутганим каби бирор киши бошқани лозим тутганини билмадим. Мен кўп савол берувчи эдим. Ҳатто баъзиларда мендан зерикиб: “Эй Абу Ҳанифа қорним шишиб, юрагим сиқилиб кетди”-дер эди”. 

“Тарихи Бағдод” китобида Имом Зуфардан Абу Ҳанифанинг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралари ривоят қилинади: “Унинг суҳбатида 10 йил бўлганимдан кейин нафсим риёсатни тилаб қолди. Ундан ажраб ўзим учун алоҳида халқа қурмоқчи бўлдим. Ўша ишни қилиш мақсадида бир куни кечқурун масжидга чиқдим. Масжидга кириб унга кўзим тушганида, ундан ажралишни кўнглим кўтармади. Бориб, олдига ўтирдим. Ўша куни Басрада унинг қариндоши вафот этгани ҳақида хабар келди. Ўша кишининг ундан бошқа меросхўри йўқ экан. Менга ўзининг ўрнига ўтиришимни амр қилди. Мен саволларга берган жавобларимни ёзиб борардим. У қайтиб келганида масалаларни кўрсатдим. Уларнинг сони олтмишта. У қирқтасини тўғри, йигирматасини нотўғри деди. Шунда, умрининг охиригача ундан айрилмасликка қасам ичдим ва вафотигача ундан ажрамадим”. 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ҳаммод ибн Аби Сулаймондан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фиқҳ ва фатволарини, қиёс усулларини ўргандилар. Шу билан бирга Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бошқа устозлардан ҳам дарс олар эдилар. Баъзи муҳаққиқлар у кишини эллик беш марта ҳаж қилганларини таъкидлайдилар[3]. Макка ва Мадинага кўп маротаба қатнаб, у ерда илм мажлислари қуришлик натижасида тўқсон учта тобеин билан кўришганлар. У зот айниқса, ана шу тобеинлардан ҳадис ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар. Абу Ҳанифанинг машҳур шайхларидан бири Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудирлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмлари ўша кишида эди. Имом у зотдан ҳадис эшитар ва шу билан бирга илм денгизи деб номланган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг фиқҳини таълим олар эдилар. Абу Ҳанифа ўз устозларини ёд этиб: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан кўра фақиҳроқ ва Ато ибн Абу Рабоҳдан кўра барча илмни жамловчироқ кишини кўрмадим” деган эдилар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ато ибн Абу Рабоҳдан кўра афзалроқ кишини кўрмадим” деганлар. Дарҳақиқат, Ато ибн Абу Рабоҳ саҳобалар ҳаётлик чоғларида Маккаи Мукаррамада фатво берар эдилар. У зотнинг қалблари фиқҳ ва Пайғамбар алайҳис саломнинг ҳадисларига тўла эди. Бу улуғ тобеин Имом Абу Ҳанифани улуғлар ва илтифот кўрсатар эдилар. Умуман олганда Имом Абу Ҳанифага фахрланишда икки юзта саҳобани кўрган Ато ва беш юзта саҳоба билан суҳбат қурган Имоми Шаъбий каби, Имом Молик: “У вафот этгандан кейин фиқҳнинг ҳаловати йўқолди”- деб таърифлаган Робиа каби тобеинлардан таълим олганликлари кифоя қилади. Агар биз Имомнинг устозларини уларнинг ададлари ва ҳар бирларининг сийратларини ўрганадиган бўлсак, у зотнинг замондошларидан бири Ҳалаф ибн Айюбнинг: “Илм Муҳаммад алайҳис саломдан саҳобаларга тарқади. Улардан тобеинларга ўтди. Тобеинлардан эса, Абу Ҳанифага ўтди” деган тавсифи қанчалик тўғри эканлигини кўришимиз мумкин. Бу фикрни янада тўлақонлироқ тушунишлик учун Ироқ ва Ҳижоз фиқҳ мактабининг энг машҳур намоёндаларини қуйидагича тасвирладик. 

Ироқ фатҳ этилгандан кейин Амирул муъминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфани обод қилишга буюрдилар. Ҳижрий 17 йилдан бошлаб фасоҳатли араб қабилаларини унинг атрофига жойлаштирдилар. Қуръон ва суннатни таълим беришликлари учун буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни у ерга муаллим қилиб юбордилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳалифалик даврларигача давом этган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мактабларидан тўрт мингга яқин фуқаҳою муҳаддислар етишиб чиқди. Али розияллоҳу анҳу Куфага келганларида у ерда фақиҳларнинг кўплигидан хурсанд бўлиб: “Аллоҳ Абдуллоҳни раҳмат қилсин, бу диёрни илмга тўлдирибди”-деган эканлар. Ўз навбатида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам халифалик чоғларида Куфа шаҳрини бунёди учун жуда катта ишларни амалга оширдилар. Биринчи навбатда пойтахтни Куфага кўчирдилар. Кейинчалик кўп сонли саҳобаларни бу шаҳарга жалб қилдилар. Улумул Қуръон ва улумул луғаларга катта эътибор қаратдилар. Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбар алайҳис саломнинг саҳобаларидан бир ярим мингтаси Куфага кўчиб келишганини айтганлар. Бу қадар мислсиз ўзгаришлардан кейин кейинги авлод вакиллари бўлмиш тобеинлардан Шурайҳ ибн Ҳорис каби олтмиш йиллаб қозилик қилган илм денгизлари етишиб чиқди. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин. 

Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси