УМАР ИБН ХАТТОБ (разияллоҳу анҳу)
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўнта жаннат башорат берилган буюк саҳобаларнинг бири, Хулафои рошидинларнинг иккинчиси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг суюкли саҳобаларидан биридирлар. У зотнинг тўлиқ исмлари Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл Ал-Адавий Ал-Қурашийдир. Расули акрам алайҳиссалом Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни “Форуқ” – “ҳақ ила ботилни ажратувчи”, – деб айтганлар.
Умар разияллоҳу анҳу нубувватнинг бешинчи йилида ўттиз уч ёшларида мусулмон бўлганлар. Исломни қабул қилишларидан аввал Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Парвардигор, мана шу икки кишидан – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобдан – қайси бири Ўзингга суюмлироқ бўлса, Исломни у билан азиз қилгин”, – деб дуо қилган эдилар (Имом Термизий ривоятлари).
Ҳазрати Умар Исломга кирганларидан сўнг бутун куч-ғайратларини Ислом динига хизмат ва мусулмонларни ҳимоя қилишга сарф этдилар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Умар Исломга кирганидан бошлаб биз – мусулмонлар доим азиз бўлдик”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тушимда менга бир қадаҳ сут олиб келинди. Қониб ичдим, ҳатто қонишлик тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Сўнг ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”. Саҳобалар: “Буни нимага таъвил қилдингиз, ё Расулуллоҳ?” – дейишган эди: “Илмга”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Дарҳақиқат, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан таълим олган саҳобалар ичида энг илмлиларидан эдилар. Ҳатто саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар Умар разияллоҳу анҳунинг илми тарозининг бир палласига, қолган одамларнинг илми тарозининг иккинчи палласига қўйилса, унинг илми оғир келар эди”, – деганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу тўғрисида ҳақли равишда шундай дегандилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, шайтон бирор йўлда кетаётиб, сенга йўлиқса, сенинг йўлингдан бошқа йўлга юради” (Имом Бухорий ривоятлари).
Мўминларга бош бўлган пайтларида ҳам Ҳазрати Умар раҳбар сифатида аҳолининг таълим борасидаги ишларига катта аҳамият берар эдилар. “Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Шу билан бирга илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозеъли бўлинглар. Жабр-ситам кўрсатувчи уламо бўлмангки, жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин”, – дея насиҳат қилар эдилар. Навқирон ёшларга қарата эса: “Раҳбар бўлишдан олдин илм ўрганинглар”, – дер эдилар.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ўн йил мўминларнинг амири – раҳнамоси бўлдилар. У кишининг даврларида кўпгина диёрлар фатҳ қилиниб, Ислом зиёси билан бурканди. У Зотнинг ташаббуслари билан кўплаб шаҳарлар қурилди, ҳижрий тақвим асосида йил санасини ҳисоблаш жорий этилди, қозилик мансаби таъсис этилди, девон тузилиб, унинг ишини йўлга қўйилди ва тарихда биринчи марта қарияларга моддий таъминот тайинланди. Бундан ташқари жуда кўплаб оламшумул лойиҳалар инсонлар манфаати учун жорий қилинди. Милодий 20 асрнинг охирларида ғарблик мутахассислар томонидан инсоният тарихида жамиятларга энг кўп фойда келтирган шахсларнинг исм-шарифларидан тузилган рўйхатнинг тўртинчи ўрнида Умар разияллоҳу анҳунинг исмлари келтирилгани ҳам бежиз эмас.
Бир куни Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу, мўминларнинг раҳнамоси Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг зиёратига келдилар. Салом бериб, кутиб турдилар. Халифа Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди. Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳуга: “Эй, мўъминларнинг амири! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш шамни ёқдингиз. Бунинг нима ҳикмати бор?” – дедилар. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу табассум билан: “Эй, Абдураҳмон! Ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқиш ҳалол бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман”, – дедилар.
Шунда Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳ! Умар ибн Ҳаттобни бошимиздан нари қилмагин”, – деб дуо қилдилар.
Сир эмаски, кейинги вақтларда халқнинг мулкига нисбатан беписанд бўладиган кимсалар йўқ эмас. Аслида мулк якка шахсники бўладими ёки давлат мулки бўладими ноҳақ ўзлаштириб олишлари шаръан ҳамромдир. Балки, давлат мулкида етимларнинг ҳам моли бўлиши жиҳатидан бу молларни ноҳақ ейиш дўзах ўтини қорнига солишдек экани айтиб ўтилган. Ҳар-хил ҳийлалар ишлатиб оммани мулкини ўзлаштиришга уриниш ёки ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни бировнинг ҳаққини ейиш саналади. Бундай шариатга зид ишлар Қиёмат куни катта жавобгарликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу тақвода, парҳезда ва нафсини тергашда беназир инсон бўлганлар. Инсонларга хутба қилганларида кўпинча шундай деганлари ривоят қилинади: “(Қиёматда) ҳисоб қилинишингиздан аввал ўзингизни ҳисоб қилинглар, (амаллар) ўлчанишидан аввал уни ўзингиз ўлчанглар, амаллар намойиш қилинадиган “буюк кунга”га тайёргарлик кўринглар.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганишда ҳаммамиз учун ибрат ва жуда кўп манфаатлар бор. Ҳар бир мусулмон киши ўзини тафтиш қилишида, охиратни ўйлаб иш кўришида шу зотга ўхшаса, ҳеч бўлмаса, ўхшашга ҳаракат қилса эди, жамият ҳам моддий, ҳам маънавий камолотга етган бўлар эди.
Мухаммадали КАТТАБАЕВ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири