Яратилиш санаси 22.01.2022

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фазилатларига битилган машҳур асарлар

Имом Абу Ҳанифанинг маноқибларига, яъни фазилатларига у зотдан кейинги олимлар томонидан алоҳида китоблар тасниф қилинган. Бунга асосий сабаб Имомга таъна тошларини отувчиларнинг ғаразли мақсадларини фош қилишлик ва Имомни мазкур ноўрин бўхтонлардан ҳимоя қилишдир. Имом Абу Ҳанифани у зот ҳаётлик чоғлариданоқ раъй билан ҳукм чиқаришда айблашган. Ўша пайтдаги Имом Авзоий, Имом Боқир ва Ибн Аби Лайло каби олимлар аввалига Имомга нисбатан хусуматда бўлишган бўлса, у зот билан яқиндан танишиб, бир икки мунозара мажлисларида қатнашганларидан кейин ўз фикрларидан қайтганлар. Булар Абу Ҳанифа ҳаётлик чоғларида бўлган бўлса, у зот вафотларидан кейинги гап-сўзларни айтмаса ҳам бўлаверади. Имомни ўз раъйига суяниш, ҳадис билмасликда айблаб турли ривоятлар тўқишди. Хусуматчиларнинг бу ишлари “Абу Ҳанифа кофир” дейишгача борди. Бундай ҳолатни кўрган муҳаққиқ олимлардан бир жамоа жонбозлик кўрсатиб, Имом Абу Ҳанифани улуғ инсон эканликларини таъриф ва тавсифлаб, алоҳида китоблар тасниф қилишди. Шу билан биргаликда улар хусуматчиларнинг ботил даъволарига жавоблар беришди. Имомнинг улуғ инсон эканликларига енгиб бўлмас даражада мислсиз далиллар келтиришди. Бу борада нафақат Ҳанафий олимлари, балки Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур олимлар ҳам Имомнинг маноқибларига китоблар тасниф қилишган ва қилишмоқда. Қуйида уларнинг машҳурлари билан танишиб чиқамиз:

  1. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таховий عقود المرجان فى مناقب أبى حنيفة النعمان номли китоб тасниф қилганлар.
  2. Шайх Яҳё ибн Абдуламин Яманий  قلائد عقود الدرر والعقيان فى مناقب أبى حنيفة النعمان номли китоб тасниф қилганлар. Бундан ташқари яна الروضة العلية المنيفة فى مناقب الامام أبى حنيفةдеб номланувчи китоб ҳам тасниф қилганлар. 
  3. Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад Шаъбий ҳам китоб тасниф қилган.
  4. Имом Муваффиқиддин ибн Аҳмад ал-Маккий ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  5. Шайх Абдулқодир ибн Абул Вафо ал-Қураший. У зотнинг таснифлари البستان فى مناقب النعمان деб номланади.
  6. Аллома Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий. Бу зот китобларини شقائق النعمان فى مناقب النعمانдеб номлаганлар. 
  7. Имом Абдуллоҳ ибн Муҳммад Хорисий. Бу зот китобларини كشف الآثار الشريفة فى مناقب ابى حنيفةдеб номлаганлар.
  8. Имом Али ибн Абдулазиз Заҳириддин Марғилоний ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  9. Шайх Абул Музаффар Юсуф ибн Фарағлий ибн Абдуллоҳ Бағдодий ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  10. Шайх Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али ас-Сайморий ҳам китоб тасниф қилганлар.
  11. Имом Абул Аббос Аҳмад ибн ас-Солт ал-Ҳимноний ҳам китоб тасниф қилганлар.
  12. Имом Муҳаммад ибн ал-Кардарий ҳам китоб тасниф қилганлар.
  13. Абул Ҳасан Али ибн Зайд Байҳақий. Бу зот ўз китобларини مواهب الشريفة فى مناقب الإمام أبى حنيفة деб номлаганлар[2]
  14. Шайх Маждуддин Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Файруз Абодий аш-Шофеъий ҳам китоб тасниф қилганлар. Бу зот “Қомусул-муҳит” номли машҳур луғат китобнинг муаллифидирлар. 
  15. Шайх Юсуф ибн Абдулҳодий ал-Ҳанбалий. Бу зот ўз китобларини تنوير الصحيفة بمناقب أبى حنيفة деб номлаганлар.
  16. Шайх Шиҳобуддин ибн Ҳажар Ҳайсамий аш-Шофеъий. Бу зот ўз китобларини خيرات حسان فى مناقب الإمام أبى حنيفة النعمانдеб номлаганлар.
  17. Шайх Абул Фазл Абдурроҳман Жалолиддин Суютий аш-Шофеъий. Бу зот ўз китобларини تبييض الصحيفة بمناقب أبى حنيفةдеб номлаганлар.
  18. Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Димашқий ас-Солиҳий. Бу зот ўз китобларини عقود الجمان فى مناقب أبى حنيفة النعمانдеб номлаганлар.
  19. Абу Яҳё Закариё ибн Яҳё ан-Найсобурий ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  20. Шайх Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Туркий. Бу зот ўз китобларини الحياض من صوب غمام الفياض деб номлаганлар.
  21. Шайх Мулла Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори ал-Ҳиравий ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  22. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Абдуллоҳ Балхий ал-Ҳанафий. Бу зот ўз китобларини الإبانة فى رد من شنع على أبى حنيفةдеб номлаганлар.
  23. Имом Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий ҳам китоб тасниф қилганлар. 
  24. Шайх Муҳаммад Абу Заҳра. Бу зот ўтган асримизнинг машҳур олимларидан бўлиб, ўз китобларини ابو حنيفة: حياته وعصره وآرائه وفقهه деб номлаганлар.
  25. Шайх Абдулҳалим Жундий. Бу зот замонамиздаги машҳур олимлардан биридирлар. У кишининг китоблари   أبو حنيفة بطل الحرية والتسامح فى الإسلامдеб номланади.
  26. Шайх Ваҳбий Сулаймон ал-Ғовжий. Бу зот ўз китобларини أبو حنيفة النعمان إمام الأئمة الفقهاء деб номлаганлар.
  27. Шайх Саййид Афифий. Бу зот ўз китобларини حياة إمام أبى حنيفة деб номлаганлар.
  28. Шайх Муҳаммад Ошиқ ал-Маданий. Бу зот ўз китобларини مواهب الشريفة فى مناقب الإمام أبى حنيفة деб номлаганлар.

Булардан ташқари юзлаб муҳаққиқ олимлар Имом Абу Ҳанифанинг маноқибларини ўзларининг турли фанларга оид асарларида зикр қилиб ўтганлар. Уларни кўплигидан санаб саноғига етиш мушкул. Аллоҳ Имом Абу Ҳанифани ва у зотни таъриф ва тавсифларини бизга танитган барча олимларни Ўз раҳматига дохил айласин. 

Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар