Қийинчилик кунларда ёрдам қилиш энг улуғ фазилат
Қийинчилик ва синовли кунларда нон, ичимлик сув, озиқ-овқат каби халқнинг кунлик эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларнинг нархини сунъий кўтариш- инсофсизлик, қийин аҳволдаги мусулмонлардан фойдаланиб қолиш ва мусулмон кишига асло тўғри келмайдиган ишдир.
Албатта, ҳаётда оммавий равишда кутилмаган қийинчилик ва синовлар учраб туриши мумкин, ҳатто яқин йилларда бунданда оғир пандимея, карантин синовларини ҳам бошимиздан ўтказдикку!
Бир кунлик синовда шунча ваҳимага тушилса, бундан “тадбиркорлар” ночор ва қийналганлар изидан фойда кўришга ҳаракат қилса, Аллоҳ сақласин, бу ҳолат узоқроққа чўзилса, нима бўлади!? Ахир биз тақдирга иймон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймонимиз бор-ку! Қуръони Каримда бу мавзуда шундай марҳамат қилинади: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
Нега синов пайтида ана шу иймонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Тўғрисўз, халол ва омонатдор савдогар қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”
Одатда саҳийликни кўпроқ бадавлат одамлардан бўлаётганини кузатиб қоламиз. Аслида эса хар биримиз қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз, мурувватли бўлишлигимиз исломий одобдир. Айниқса, элу-юртимизнинг бошига мана бундай мусибат тушиб, аҳолининг озиқ-овкатга эхтиёжи тушиб турган бир пайтда, мухтожларга ёрдам кўрсатиш, уларга мурувват қилиш динимиз кўрсатмаси ҳамдир.
Мўмин мусулмон кимсалар эл бошига синов келган кунларда бир-бир-бирларига саҳоват кўрсатиб яхшиликлар қилсалар Аллоҳнинг ризосини топадилар.
Сахийлик хақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қатор хадиси шарифлар ривоят қилинган. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар. “Ким Аллоҳ розилиги учун эхсон эшигини очса, Аллоҳ унга дунё ва охират яхшилигини беради”. Обрў эътибор учун бойликнинг ўзигина сабаб бўла олмайди. Аксинча, мусулмон киши эл-юрт орасида танглик кунларида етим-есирлар, бева-бечоралар ва мухтож кимсаларга кўрсатган саҳовати билан аввало, Аллоҳнинг ҳузурида, қолаверса инсонлар орасида азизлик топади мартабаси, обрў-эътибори юксак даражада кўтарилади.
Бу борада бизларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи икромлари намуна бўлганларни мисол қилиб келтиришни лозим топдим. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳалифалик қилаётган вақтларида бир йил ёғингарчилик кам бўлиб очарчилик бошланади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамларга: “Бор нарсаларингни беркитмай то Аллоҳ кенглик бергунга қадар еб туринглар”, деб буюрадилар. Эртасига Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига минг қоп буғдой ва таом келиб тушганлигини хабари етиб келди. Эрталаб савдогарлар Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига бориб эшикларини қоқдилар. Усмон розияллоҳу анҳу эшикни очиб уларга пешвоз чиқдилар-да, “нега келдингиз”-деб сўрадилар. Улар “сизнинг уйигизга минг қоп буғдой ва таом келиб тушибди, шуни эшитиб сотиб олгани келдик”-дейишди. “Ундай бўлса, марҳамат, ичкарига кираверинглар”-деб Усмон розияллоҳу анҳу уларни ҳовлига бошлаб кирадилар. Ҳовлида буғдойлар тўлиб ётибди. Усмон розияллоҳу анҳу уларга қараб: “Шомдан сотиб олган баҳойимга қанчадан фойда бера оласизлар?”-деб сўрадилар. Улар: “ҳар ўн дирҳамига икки дирҳамдан қўшиб берамиз”-дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу “бу камлик қилади”, деганларида улар “бўлмаса, ҳар ўн дирҳамига беш дирҳамдан қўшиб берайлик” дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу «яна қўшинглар” деганларида, улар “яна қанча қўшайлик, ахир биз Мадина савдогарларимиз-ку?”-дейишди. “Ҳар бир дирҳамига ўн дирҳамдан қўшиб бера оласизларми?”-дедилар. Улар “йўқ”-деб жавоб беришди. “Ундай бўлса сизлар гувоҳ бўлинг, эй савдо аҳли, бу буғдой Мадина камбағалларига садақа қилинади” дедилар. Мазкур минг қоп буғдойни ҳаммасини бепул Мадина камбағалларига садақа қилиб юборганликларини ибни Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Усмон розияллоҳу анҳу шу даражада олий ҳиммат ва саҳий инсон эдилар.
Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига асоссиз қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида ушлаб туриш гуноҳдир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жалб қилувчи ризқлантирилган, иҳтикорчи (маълум шартларга кўра, маҳсулотни қиммат бўлганда сотиш учун ушлаб турган киши) эса лаънатланган”, деганлар.
Мўмин-мусулмон одам ўз биродарига ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунё-ю, охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Мана шундай кунларда улуғ зотлар бизга чиройли ўрнак бўлиши керак. Қийинчилик пайтларда марҳаматли бўлиб, пул ишлашдан кўра кўпроқ савоб ишлаш ҳаракатида бўлишимиз керак.
Албатта, мусибат етганга далда бўлиш, кўмак бериш энг улуғ ва савобли амаллардандир. Сиз-у, биз ҳам мана шундай синовли кунларда, саховат ишларига янада мустаҳкам бел боғлайлик. Муҳтож инсонларга кўмак бериб, уларнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, имкон бор пайтда хайру саховат ишларини амалга ошириш зарур.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Абдулазиз БOБАМИРЗАЕВ