Оила мустаҳкамлиги – жамият фаровонлиги
Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсон зотини жуфт қилиб яратди. Уларнинг ўртасига улфатчилик ва муҳаббат солиб, оила бўлиб яшашга рағбат пайдо қилади. Инсоният яратилгандан бери Аллоҳ таоло уларни ҳалол йўл билан насл қолдириш, ерда ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Ҳозиргача ўтган барча илоҳий шариатларда, жумладан Ислом шариатида ҳам оила қуриш учун никоҳ жорий қилиниб, зино ҳаром қилинган.
Аллоҳ таолонинг бандаларига марҳамати чексиз ва У Зотнинг неъматлари сон-саноқсиздир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси 18-оят).
Оила қуриб яшаш ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Қуръони каримда Одам алайҳиссаломнинг ўзидан унга жуфт яратилгани Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан деб саналади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси 21-оят).
Аллоҳ таолонинг инояти билан, агар муносабатлар тўғри йўлга қўйилса, эр-хотин ўртасидаги ришта энг мустаҳкам алоқа бўлади.
Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги гўзал муносабатни шундай тасвирланади: “Улар сизлар учун – либос, сизлар – улар учун либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят).
Оила қуриб яшаш – пайғамбарларнинг суннатидир. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бизни никоҳланиб яшашга буюрганлар. Мазҳабимизга кўра мўътадил ҳолатда никоҳланиш – суннатдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Никоҳ – менинг суннатимдир, ким суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар, мен умматлар олдида сизларнинг кўпликларингиз билан фахрланаман. Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким оила боқишга қодир бўлса, уйлансин. Ким нафақага қодир бўлмаса, рўза тутишни лозим тутсин. Чунки у шаҳватни жиловлашдир” (Имом Ибн Можа Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳланиш ҳар икки томонга неъмат эканини баён қилиб айтадилар:
“Кимга Аллоҳ таоло солиҳ аёл насиб қилган бўлса, унга динини ярмида ёрдам қилибди, иккинчи ярмида Аллоҳ таолодан тақво қилсин!” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилишган).
Солиҳа аёл –болаларининг тарбияси, эрнинг ибодати ва бошқа ишларда жуфтига энг яхши кўмакчидир.
Ҳанафий мазҳабимизда никоҳланиш – ибодат учун узлатга чекинишдан афзалдир.
Албатта, оила ўзаро ҳурмат ва муҳаббат устига қурилади. Шунда эр-хотин яхши ва ёмон кунларда бир-бирига суянчиқ, ҳамдард ва ёрдамчи бўла олади. Агар оилалар аввалдан никоҳ орқасидан бойликка, обрўга эга бўлиш ва ҳоказо ғаразли мақсадлар билан қурилса, узоққа бормаслиги аниқ.
Катта орзу ҳаваслар билан никоҳланган ёшларнинг ўрталарига бироз вақт ўтгач, тушунмовчилик ҳам бўлиб туради. Аллоҳ таоло бундай кишиларга танбеҳ бериб шундай дейди: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).
Аллоҳ таоло аёлларга чиройли муомала қилишга буюрмоқда. Фаҳшга юрмаган, итоатсизлик қилмаган аёлини бирор сабаб: (хунуклик, ёмон хулқлилик) туфайли хуш кўрмаган эркакларга ояти каримада сабрли бўлиш тавсия қилинмоқда. Шоядки Аллоҳ бу оила риштаси орқали уларга яхшиликлар, хусусан солиҳ фарзандлар ато этса. Бу борада Пайғамбаримиз алаҳиссалом шундай дейдилар: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин, агар унинг бир хулқини хуш кўрмаса, бошқасидан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳақиқатан ҳам мукаммал эр ёки мукаммал хотинни топиш амри маҳол иш. Чунки ҳаммада ҳам озми-кўпми камчилик бўлади. Беайб Парвардигор! Эр аёлининг мана шундай камчиликларини унинг яхшиликлари эвазига кечириши, баъзиларидан кўз юмиши лозимдир.
Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим асоси – эр-хотин ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилишларидир. Эрнинг оиладаги вазифалари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўралганда шундай дейдилар:
“Ўзингиз таомлансангиз, уни ҳам таомлантирасиз, кийинсангиз, кийинтирасиз, юзга урманг! Ҳақорат қилманг!” (Имом Абу Довуд ривоят қилганлар).
Буюк саҳоба Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аёлим мен учун безангани каби, мен ҳам у учун кўркам бўлишни хуш кўраман”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан алайҳиссалом рисоладаги келин ҳақида эса шундай деганлар: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, авратини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, у аёлга: “Жаннатга хоҳлаган эшигидан кир!”, – дейилади” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтаради. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади.
Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олижаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз.
Абдулазиз БOБАМИРЗАЕВ