Яратилиш санаси 09.02.2022

Алишер Навоийнинг ижоди ҳақида

Алишер Навоий вафот этганидан кейин ўтган давр мобайнида унинг асарлари форсий ва туркий халқлар орасида кенг ёйилди. Атоқли тожик шоирларининг кўпчилиги, Фузулий, Кишварий, Мирзо Фатали Охундов, Собир каби озарбайжон ёзувчилари, Озодий, Маҳтумқули ва Зелили каби туркман шоирлари, қозоқ ёзувчиси Абай Қўнонбоев, қоралпоқ соҳибқаламлари Бердақ, Ажиниёз, татар шоирлари Абдулла Тўқай, Ҳаюм Носирий ва бошқа Алишер Навоийга юксак баҳо бериб, асарларидан таълим олдилар, айрим асарларига назира битдилар.

Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, уни ўрганиш Европа ва Россияда ҳам ҳийла катта тарихга эга. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда босилган хрестоматиясида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» ва «Тарихи мулуки Ажам»ини эълон қилган, И.Н. Березин «Турк хрестоматияси»да унинг бир неча асарларидан парчалар берган. М. Никитский 1856 йилда биринчи манбалар асосида «Амир Низомиддин Алишер. Унинг давлат ва адабиёт соҳасидаги аҳамияти» мавзуида магистрлик диссертациясини ёзади. Шу билан бирга, Н.И. Илъминский, В.В. Вельяминов-Зернов, В.В. Бартольд, Е.Э. Бертельс, С.Н. Иванов, Н.И. Конрад, М. Белен, Паве де Куртейль, Э. Браун ва бошқа шарқшунослар Алишер Навоийнинг фаолияти ва мероси билан шуғулландилар.

Туркистонда 20-аср бошидан бошланган, ташаббускори жадидлар бўлган маърифий уйғониш Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда ҳам ўз ифодасини топди. 1919 йилда Тошкентда Фитрат нашрга тайёрлаган «Инсоният ҳақинда Навоийнинг фикри» номли рисола босилиб чиқди. Бу китобча Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонининг «Салотин бобида» («Султонлар ҳақида») деган қисмидан парча эди. Шундан сўнг Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштириш кенг тус олди. Адабиётшунослик фанининг навоийшунослик соҳаси юзага келди. Бу соҳада олимлар ва адиблардан Ойбек, О. Шарафиддинов, С. Айний, В. Зоҳидов, Иззат Султон, А. Қаюмов, П. Шамсиев, Ҳ. Сулаймонов, Н. Мамаев, С. Ғаниева, А. Ҳайитметов, А. Абдуғафуров, А. Рустамов ва бошқа салмоқли ишлар қилдилар, Алишер Навоий ижоди бўйича ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ёзилди. Ёзувчи Ойбек «Навоий» романини, Иззат Султон «Навоийнинг қалб дафтари» ҳужжатли қиссасини, Л. Бать «Ҳаёт бўстони» қиссасини, Миркарим Осим ҳикоялар туркумини яратди. Айниқса, кейинги 50 йил навоийшуносликда сермаҳсул йиллар бўлди. Алишер Навоий асарларининг мамлакатимиз китоб фондлари ва чет эллардаги кутубхоналарда сақланаётган деярли барча нодир нусхалари ўрганилди.

Алишер Навоийнинг кўпгина асарларининг илмий танқидий матни ишлаб чиқилди. «Девони Фоний» ва бошқа асарларининг нодир нусхалари топилиб, нашр этилди. 20-асрда Алишер Навоийнинг чинакам саҳнавий ҳаёти бошланди. Иззат Султон ва Уйғун «Алишер Навоий» драмасини (1945, 1948), И. Маҳсумов бастакорлар Ю. Ражабий ва С. Жалил билан ҳамкорликда «Навоий Астрободда» мусиқали драмасини (1967) ёздилар. Алишер Навоий образи киноэкранда ҳам мужассамлашди. Алишер Навоий достонлари асосида яратилган «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси (1937), «Лайли ва Мажнун» операси (1942), «Суҳайл ва Меҳри» балети (1967), «Дилором» операси (1958), «Искандар» драмаси (1991) театр санъатининг энг яхши асарларидан бўлиб қолди.

Бироқ қарийб бир ярим аср давом этган мустамлакачилик даврида, айниқса шўро тузуми даврида маданий меросимизни халқимизга ёт мафкура қолипига солиб талқин қилишга уринишлар бўлди. Бу ҳодиса Алишер Навоий ижодига муносабатда ҳам ўз ифодасини топди. Уни йўқсилларнинг дўсти, мулкдорларнинг мухолифи қилиб таърифлашга интилишди. Жаҳон адабиётининг дурдонаси бўлган асарларидаги (масалан, «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги) ажойиб боблар қисқартириб нашр этилди. Алишер Навоий нинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга имон келтирган, Қуръони каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган адиб ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун дин тарихини яхши билган, Қуръони каримни ўқиб, маъносини англаб етган киши бўлиш керак. Шўро тузумида эса диний илмларни тарғиб қилиш таъқиқланди. Шу боис, гарчи навоийшунос олимлар шоир ижодини тарғиб қилиш бўйича анча ишлар қилган бўлсалар ҳам, Алишер Навоий ижоди кўпчилик китобхонлар учун тушунарсиз бўлиб қолди. Мустақиллик бизга барча қадриятларимиз қатори Алишер Навоий меросини ўрганишнинг кенг уфқларини очди. Эндиликда унинг ижодини аслича, моҳиятини тушуниб ўрганиш имконияти юзага келди.

1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантанали нишонланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва бу боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этилди. Мамлакатимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади. Бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти (Самарқанд давлат университети), Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти, Адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати, ўнлаб кўчалар ва жамоа хўжаликлари унинг номи билан аталган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ҳайкалтарошлар, рассомлар ва бастакорлар асарлар яратишган. Ҳар йили Алишер Навоий туғилган кун — 9 февралда илмий-анънавий конференция ўтказилиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш соҳасида қилинган йиллик ишларга якун ясалади.

Ривожитдин Насритдинов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўрин босари