Яратилиш санаси 01.03.2022

Савдонинг таърифи ва унинг шаръий ҳукми - 3

Исломда савдо-сотиқни накд пулга ёки насияга амалга ошириш жоиздир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: 

احل الله البيع

“Аллоҳ савдони ҳалол қилди”, (Бакара сураси, 275-оят) дейди. Бу ерда ҳалол қилинган савдо мутлақ зикр қилинганлигига кўра, факат накд пул билан амалга оширилиши қайд қилинмади. Оиша онамиздан (розияллоху анҳа) Имом ал-Бухорий (роҳматуллоҳи алайх) ривоят қилган ҳадисда ҳам шундай дейилади:

من انه صلى الله عليه وسلم : اشترى طعاما من يهودى الى ا جل وراهنه درعا له من حديد 

 “Албатта, Пайгамбар солаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан маълум муддатга (келишиб) таом сотиб олдилар ва узларининг темирдан бўлган совутларини гаровга колдирдилар”.

Яна бир ҳадисда: 

" من اسلف من تمر فليسلف فى كيل معلوم و وزن معلوم الىاجل معلوم "

“Кимки хурмода қарз берса, бас маълум идишда ва маълум ўлчовда, маълум мухлатга берсин”, дейилади. (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).

Фиқхий асарларда шунга ўхшаш кўплаб ҳадисларни юқоридаги фикримизга далил сифатида келтирилган. Шунингдек, бу хусусда уламолар ижмоъ қилганлар, аммо насияга савдо қилинган пайтда мухлатни аниқлаб қўйиш шартдир. Савдо тамомлангач, сотиб олган киши маҳсулотда айб топса, ихтиёр ўзидадир. Яъни, сотиб олувчи киши акд шартномасидан сўнг молда бирор бир нуқсон топса, уни бекор қилиш хуқуқига эгадир. 

Шунингдек, маҳсулотлар айни жинсдан бўлмаса, савдони ўзаро келишган холда (бартер) амалга ошириш мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу хакида шундай дейдилар:

 ان رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : الذهب بالذهب و الفضة بالفضة و البر بالبر والشعير بالشعير و التمر بالتمر والملح بالملح مثلا بالمثل سواءا بالسواء يدا بيد فاذا اختلف هذه الصناف فبيعوا كيف شئتم اذا كان يدا بيد 

«Олтин олтин билан, кумуш кумуш билан, буғдой буғдой билан, арпа арпа билан, хурмо хурмо билан, туз туз билан тенгма-тенг ва накдма-накд (савдо қилинсин). Бас, качонки бу синфлар турли (яъни, жинси бошқа-бошқа) бўлса, накдма-накд шартига кўра, қандай хоҳласангизлар шундай савдо қилингизлар”.

Демак, маҳсулотлар айни жинсдан бўлмаган пайтда, рибони кўриниши ҳам эхтимоли ҳам бўлмагани учун, бирини ортиқ ёки кам бўлиб қолишининг зарари йуқдир. 

Сотиб олувчи пулининг қандай пул эканлигини баён қилмаган бўлса, ўша юрт муомаласида энг ривожланган пул ирода қилинади. Чунки, муомалада ривожланган нарса урф билан маълум бўлади. Урф билан маълум бўлган нарса далил билан маълум бўлган нарса кабидир. Пулнинг муомалада ва истеъмолда ривожи бир хил бўлса, савдода пулни мутлок қилиниши, яъни, қайси пулдан эканлигининг аник айтилмаслиги жоиз эмас.

Абдуллаев Азимжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси