Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг машҳур шогирдлари - 4
- Имом Ҳасан Ибн Зиёд
Ҳасан ибн Зиёддан кўра фақиҳроқ кишини кўрмадим.
Яҳё ибн Одам
Абу Али Ҳасан ибн Зиёд ал-Луълуъий ал-Куфий Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алаҳйнинг машхур шогирдларидан биридирлар. Бу зот жуда олим, омил, суннатни ва унга эргашувчиларни яхши кўрувчи, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фатаволари ва ривоят қилган ҳадисларининг билимдони бўлганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларида бир муддат таълим олганлар. У зот вафотларидан сўнг таҳсили илмни Имом Зуфар ва Имом Абу Юсуфларда давом эттирадилар. Кейинчалик озроқ муддат Куфада қозилик қилдилар. Лекин унда унчалик мувоффақиятга эришмагач, дарс бериш ва китоб тасниф қилишни ўзларига лозим тутдилар.
Ҳасан Ибн Зиёд ўз вақтларини бир неча қисмга тақсимлаб, тартибга солганлар. Одатда у зот бомдод намозини ўқиб бўлгач то заволгача асҳоблари ва шогирдларига дарс берар, улар билан фуруъ масалаларига шўнғиндилар. Пешиндан кейин то асргача воқеъликдаги масалалар учун вақт ажратардилар. Асрдан кейин эса асҳоблари билан усул муноқашаларига киришар эдилар. Шомдан то хуфтонгача муғлақ масалалар бўйича музокаралар олиб борар, ундан кейин то кечани учдан биригача бошқа масалалар билан машғул бўлардилар. У зот илмдан бир лаҳза ҳам ажрамаганлар. Имом Ҳасан ибн Зиёднинг бир чўрилари бўлиб, у зот таомланиш, таҳорат қилиш ёки шунга ўхшаш нарса билан машғул бўлсалар то форуғ бўлгунларича турли масалаларни у кишига ўқиб турарди. Имом Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий мана шу тартибда узоқ умр кечирдилар. Хижрий 204 йил тақрибан 80 йилдан ортиқ самарали ҳаёт кечириб вафот этдилар.
Имом Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳнинг сийратлари ва асарларини ўрганишда алоҳида битилган илмий рисолалар.
-الحسن بن زياد وفقهه بين معاصريه Мусанниф: Абдусаттор Хомид ад-Дибоғ.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси