Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Ҳанафий мазҳабига оид китоблар уч даражага бўлинади:
Биринчи даража.
Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни «Зоҳирур ривоя» деб ҳам аталади. Улар имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, имом Муҳаммад томонидан таълиф қилинган. Улар қуйидаги китоблар;
1. Китобул асл. Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».
Бу китобни имом Муҳаммад ибн Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши аввал ҳар бир бобни алоҳида китоб қилган. Мисол учун намозга оид масалаларни жамлаб «Китобус салот» қилган. Савдо ҳақидаги масалаларни жамлаб «Китобул байъ» қилган. Кейин ҳамма китоблар жамланиб «Мабсут» бўлган. «Мабсут»нинг имом Муҳаммаддан қилинган ривоятлари кўп. Мазкур ривоятларнинг ичида машҳури Абу Сулаймон Жузжонийнинг ривоятидир. «Мабсут»ни Хоҳарзода ва Шамсулаимма Ҳалвоний каби бир қанча уламолар шарҳ қилганлар. Ривоятқилиншича имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи ҳам «Мабсут»ни яхши кўрган ва ёд олган.
2. «Китобуз зиёдот». Китобнинг бу ном билан аталиши сабаби ҳақида бир неча фикрлар айтилган. Уларнинг ичида «Имом Муҳаммад ал-Жомиъ ал-Кабир»ни ёзиб бўлганларидан кейин яна бир қанча масалалар қолиб кетгани аён бўлган ва уларни жамлаб «Китобуз зиёдот» деб номлаганлар.
3. «Китобул Жомеъус Сағир». Имом Муҳаммад бир неча китобларни тасниф қилиб бўлганидан кейин у кишига имом Абу Юсуф мен Абу Ҳанифадан ривоят қилган нарсаларни жамлаб бир китоб қилсангиз деган таклифни қилганлар. Шунда имом Муҳаммад «Китобул Жомеъус Сағир»ни ёзиб имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳига кўрсатган. У кишига маъқул бўлган. Али ал-Қумийнинг айтишларича имом Абу Юсуф «Китобул Жомеъус Сағир»ни доимо ўзлари билан олиб юрар экан.
«Китобул Жомеъус Сағир» ҳақида Али Розий қуйидагиларни айтади: «Ким бу китобни фаҳмласа у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши фаҳмловчидир. Ким уни ёд олса у бизнинг асҳобларимиз ичида энг яхши ёд олувчидир. Қадимги машойихларимиз шу китобдан имтиҳон олмай туриб бировни қози бўлишига рози бўлмас эдилар. Агар у бу китобни ёд олган бўлса қози этиб сайлашар, бўлмаса ёд олишга амр қилар эдилар». «Китобул Жомеъус Сағир»нинг бир қанча шарҳлари бўлиб улардан бири имом Абдулҳай Лакнавийнинг «ан-Нофеъул Кабир»идир.
4. «Китобул Жомеъул Кабир». Бу китоб имом Муҳаммаднинг энг кўп таҳсинга сазовор бўлган китобларидан биридир. Катта уламоларнинг «Китобул Жомеъул Кабир» ҳақидаги мақтовлари «худди мўъжизадек китоб» каби иборалар ила тўлиб тошгандир. Уламолар бу китоб катта аҳамият берганидан унинг шарҳлари ҳам жуда кўп. Ҳожи Халифа ўзининг машҳур «Кашфуз зунун»ида «Китобул Жомеъул Кабир»нинг шарҳларининг узундан узоқ рўйхатини келтирган.
5. Китобус Сиярис Сағир.
6. Китобус Сиярил Кабир....
Муҳаммаджон Абдураҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси