Яратилиш санаси 06.03.2022

Қуръони Карим тиловатидаги етти қироат

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ. 

Аввало Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар ила собит бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Мен унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўраб-сўраб, охири етти ҳарфда интиҳосига етди» дедилар. Икки шайх ривоят қилишган.

Биринчи навбатда, “Ҳарф” сўзининг маъносини ўрганиб чиқайлик. Араб тили мутаҳасислари “Ҳарф” сўзини маъноси ҳақида кўплаб изоҳларни берганлар. Улардан, бир нарсанинг олд-юз тарафи, бир нарсанинг бурилиш-бузилиши ва бир нарсанинг ўлчови маъноларини келтириш мумкин. Биз сўз юритаётган мавзуда эса, биринчи маъно ишлатилади.

Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши етти юз, тараф, яъни тариқа десак бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳишом ибн Ҳакимнинг “Фурқон” сурасини мен уни қироат қиладигандан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уни қироат қилишни ўргатган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди. Кейин у қайтгунча тегмай турдим. Сўнгра уни ридосига ўраб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: “Эй Аллоҳнинг Росули, мен мановининг “Фурқон” сурасини сиз менга уни қироат қилдирганингиздан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим”, дедим.

“Уни қўйиб юбор. Эй Ҳишом, ўқи”, дедилар. У мен эшитгандек қироат қилди.

Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шундоқ нозил қилинган ”, дедилар. Ва менга: “Ўқи”, дедилар. 

Бас мен ўқидим. У зот: “Мана шундоқ нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар”, дедилар”. 

Ушбу ва бошқа маълумотларни синчиклаб ўрганган мутахасис уламоларимиз Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган етти турли хилма-хилликдур дейдилар.

1.  Исмларнинг бирлик ва кўпликда, музаккар ва муаннасликда турлича талаффуз қилишга берилган ижозат.

Мисол учун, араб тилида “Омонат” сўзи бир ҳил ёзувда турганда уни бирликда ҳам, кўплигда ҳам ўқиш мумкин.

2. Эъробда араб тили қоидаси доирасида турлича бўлишни кўтарадиган жойларда турлича талаффуз қилишга берилган рухсат. 

Мисол учун, “маа” келишигидан кейин икки исм келса, иккинчисини насб-фатҳали ёки  рафъ-заммали ўқиш мумкин. 

3. Сарф қоидаларига биноан, турлича  талаффуз қилиш мумкин бўлган сўзларни турли талаффуз қилишга ижозат.

Мисол учун, араб тилида ёзилган “баид” сўзини “баид” деб ҳам, “баада” деб ҳам ўқиш мумкин.

4. Баъзи ҳарф ва сўзларнинг ўрнини алмаштириб ўқишга берилган изн.

5. Бир ҳарфнинг ўрнига бошқасини қўйиб ўқишга ижозат.

6. Бирор ҳарфнинг зиёда ёки ноқис қилиб ўқишга ижозат.

7. Ҳарфларни йўғон ва ингичка, чўзиб ёки чўзмай ўқиш бўйича араб лаҳжаларининг турли талаффузларига амал қилишга берилган руҳсат.

Нуриддин Хошимов

“Ҳидоя” ўра махсус ислом
билим юрт мударриси