
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари 3
Учинчи даража:
Фатволар ва воқеъалар китоблари.
Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидлардан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. Кейин келган мужтаҳидлардан мурод Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб хабарлари табақот китобларида келган.
Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимоларнинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон ал-Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳъё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшашлар киради.
Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун Нотифий «Мажмауъул навозил» ва Воқеъот»ни, ас-Содр аш-Шаҳид «Воқеъот»ни жамлаган.
Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб ҳар бир соҳани айри – айри келтирди. У аввал усулга оид масалаларни келтириб кейин наводирларни келтирган.
Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар мазҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеъотлар эса уларнинг қавллари асосида уларнинг издошлари ечган масалалардир.
Муҳаммаджон Абдураҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси