Яратилиш санаси 16.03.2022

Исломда оила

Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин! У зотнинг росули ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг суюкли аҳли-байтига ва жонкуяр саҳобаларига дуруд-у, саловотлар бўлсин!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлари каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам инсон дунё яралгандан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайдилар, наслининг давом этиши ҳақида бош қотирадилар. Кейинчалик оила деган қаср пайдо бўлдики, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланди. Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаса, пароқандалик, нотинчлик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда таназзулга юз тутади. Шу сабабли энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поқлиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўла олмаслигини қайта-қайта таъкидлайди. Никоҳ – Аллоҳнинг амри билан, Пайғамбаримизнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган ақд бўлгани учун муқаддас саналган. Никоҳ ақди боғлангач, икки ёш бирга янги ҳаётга қадам қўйиб бирга яшай бошлайдилар. Аллоҳ таоло насиб қилиб фарзанд кўрсалар уни ақлли, фаҳм-у фаросатли, комил инсон бўлишини ҳар икки ёш хоҳлайдилар. Фарзанд инсон қалбидаги энг олий мақсадларидан бири бўлиб, ота-оналар ўз ҳаётларини шулар орқали давом эттирадилар. Аллоҳ таоло ўзининг каломида:

الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِنْدَ رَبِّكَ ثَوَابًا وَخَيْرٌ أَمَلًا*

Яъни: “Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқдир ва орзулироқдир (орзу қилишга арзирлироқдир)”, деб марҳамат қилади. (Каҳф сураси, 46-оят)

Бу борада пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида фарзанд қадрини кўтариб: “Гўдақлар Аллоҳнинг райҳонидир.”,- деганлар. Ҳазрати Фотима онамиз туғилганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу райҳонни Аллоҳ ҳидлаб туришим учун ризқ қилиб берди”,-деганлар.

Дарҳақиқат, фарзанд ҳаёт қувончи ҳисобланади. Уни жажжилигида кўриб кўзлар қувонади, улғайгач унинг кўмагидан баҳраманд бўлинади, бизлар оламдан ўтгач, ортимиздан қолиб дуои хайрлар қилишади. Албатта, бу орзу истақларимизни амалга ошириш учун эса фарзанд тарбияси муҳим ўрин тутади. Шариати Исломияда бунга алоҳида эътибор берилади. Оламларнинг бошқарувчиси Аллоҳ таоло ўзининг каломида бу борада тегишли панду насиҳатлар қилиб оятлар нозил қилган бўлса, у зотнинг элчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб, уни бажариб кўрсатиб бердилар. Уларнинг чиройли тарбия кўришлари ортидан ота-оналарига раҳматлар келиб туради. Охират кунида ҳам ота-онаси фарзандининг жавобгарлигидан халос бўлади. Фарзандга тарбия бериш энг аввало оиладан бошланади. Маънан юксак, гўзал хулққа эга ота-оналарнинг фарзандлари ҳам гўзал тарбияли бўлади.  Фарзанд тарбияси хусусида уламолар Қуръон оятлари, ҳадислар  ва бошқа манбаларга суяниб, қуйидагича ёритиб берганлар:

- фарзандга чиройли исм қўйиш (фарзандингиз ўз исмини ўзгаларга айтганда орланмасин); 

-саводини чиқариш, иқтидорига қараб билим бериш, имкониятига яраша ўқитиш ва касб-хунар ўргатиш;

- уйлантириш. турмушга чиқариш;

- уйли-жойли қилиш;

- фарзандлар орасидаги мерос тақсимотида адолатли бўлиш.

Зеро, суннатга мувофиқ ҳаёт кечирган мусулмон икки дунёда бахтли бўлушида ҳеч шубҳа йўқдир!

Аллоҳ таоло ҳаётимизни Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлишини насиб этсин!

 Муҳаммадиев Муҳаммадсолиҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси