Яратилиш санаси 17.03.2022

Қуръондаги одоб ва ахлоқлар

Илм қувватининг гўзал ва манфаатли бўлиши – сўзларда тўғри ва ёлғоннинг, эътиқодда эса ҳақ ва ботилнинг, феълларда чиройли ва хунукнинг орасини осон ва енгил фарқлаш билан белгиланади. Илм қуввати соғлом бўлар экан, ундан ҳикмат мевалари ҳосил бўлади. Ҳикмат эса гўзал ахлоқнинг бошидир. Бу фикрнинг исботи ўлароқ Бақара сурасида ўқиймиз:

“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”.

Ҳикмат дейилганда нафснинг ҳолати назарда тутиладиким, шу ҳолат орқали ихтиёримизга боғлиқ феъллардаги хатони ўнглаш идрок қилинади. Ҳар қандай нарса ҳаддан ошса, сифати ўзгаради. Жумладан, ҳикматни ҳам беҳуда, бузуқ ғаразлар йўлида ишлатавериш, уни кераксиз нарсага айлантириб қўяди. Ҳикматга эътиборсизлик эса аҳмоқликни келтириб чиқаради. Ўрталик (мўътадиллик) ҳикматга хос фазилатдир. Ғазаб қувватининг гўзал ҳолати хоҳ у кучайсин, хоҳ пасайсин, ҳикмат тақозо қиладиган даражада бўлишидир.

Шунингдек, шаҳват қуввати гўзал муносиб шаклда ҳикмат ишорати остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади.

Адолат қуввати шаҳват ва ғазабни шариат ва ақл кўрсатмаси остида ушлашдир. Адолат ҳам нафснинг ҳолати. Нафс ундан қувват олади. Ҳикмат тақозосига кўра, шу қувват ғазаб ва шаҳватни босиб турадигина эмас, балки бошқаради ҳам.

Ақл - бамисоли йўл кўрсатувчи насиҳатгўй. Адолат эса ақл кўрсатмасини бажарувчи куч. Ғазаб - бамисоли, овчи ит. У нафс истагидаги ҳаяжон билан эмас, балки битта ишора билан тўхташ даражасида тарбияга муҳтож. Шаҳват эса бамисоли овга миниладиган от. У баъзан тарбия кўрган, ювош. Баъзан эса асов ва қайсар.

Кимда бу хислатлар мўътадил бўлса, демак унинг хулқи гўзал. Акс ҳолда, кўз олдимизда аъзоларининг бири чиройли, бошқаси хунук манзара гавдаланади.

Устоз Абдулла Авлоний ахлоққа бундай таъриф берганлар: “Ахлоқ инсонларни яхшиликка чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдир. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни “ахлоқ” дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканини, Жаноби Ҳақ на учун халқ қилганини (яратганини), Ер юзида нима иш қилмак учун юрганини билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билиб, иқрор қилиб, тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидир. Расули Акрам набиййи муҳтарам афандимиз: “мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроғи йўқтур. Мўъмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутуб ибодат қилган кишилар даражасига етар”, демишлар”.

“Инсон икки нарсадан мураккабдур: бири – жасад, иккинчиси – нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўринуб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурким, буни “хулқ” деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлуб ўсдими, “Аллоҳу акбар!” бундай кишилардан яхшилик кутмак – ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур”.

Ахлоқнинг фалсафаси, моҳияти, ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақида кўп гапириш мумкин. Қисқароқ айтилса, ахлоқ ижтимоий ҳодиса ва у жамиятда муҳим ўрин тутади. Фақат ижтимоий муносабатларда аҳамияти билинади ва кўзга ташланади. Ахлоқ жамиятдаги хулқлар йиғиндиси бўлгани учун ҳам ёлғиз бир инсоннинг ахлоқли бўлиши етарли эмас. Бир хонадондан бир-икки кишининг одобли бўлиши кифоя қилмайди. Чунки инсон ахлоқ муносабатларини якка ҳолда юзага келтиролмайди. Атрофдаги одамлар билан ўзаро муносабатларда, яъни инсоний муносабатларда шу жамиятга хос бўлган ахлоқ мажмуаси шу жамиятга мансуб бўлган кишилар гуруҳи томонидан давом эттирилади, бир ҳолда таҳлил қилинади. Шунинг учун пайғамбаримизнинг солаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари хусусинда сўз юритилганда у муҳтарам зотнинг замондошларига, яқинларига, ҳаммаслакларига бўлган адолатли муносабатлари, хушмуомалаларининг гувоҳи бўламиз. Бу барча учун муҳимдир, ҳаётимиз давомидаги ҳаракатларга нур берувчи, ёритувчи манбадир. Расулуллоҳнинг солаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари биз учун намуна, ғоят таъсир этувчи, ёшлар учун эса қизиқарли бўлиб, замонавий маданият соҳибларини таажжублантирадиган хусусиятларга эгадир.

Мухаммадали КАТТАБАЕВ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти АРМ мудири