ЁШЛИК – УМР БАҲОРИ
Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида шундай буюради:
“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё, Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, – деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, – деб жавоб берганлар.
Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало, уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имон-эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.
Ҳадиси шарифларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида:
“Аллоҳнинг тоати-ибодатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади),” – дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Одатда кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Улар ўзларидаги гуноҳ, ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар.
Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютер ўйингоҳларида ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, – дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.
Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.
Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтиришлари лозим. Уламоларимиз айтадиларки:
“Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди”.
Тарихдан бизга маълумки, қанчадан-қанча улуғларимиз, буюк аждодларимиз ёш йигитлик даврида бутун бир қўшинни ёки катта бир салтанатни бошқара олган. Масалан, Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу Рим империясига қарши бўлган жангда Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан қўшинга бошлиқ этиб таъйинланганлар. Ўшанда у зотнинг ёшлари 18 га ҳам тўлмаган эди. Аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими бўлган ва ёш бўлишига қарамай кўплаб сиёсий ислоҳотлар қила олган. Амир Темурнинг учинчи фарзанди Мироншоҳ Мирзо эса 14 ёшида Хуросон ҳокими бўлган. Ёки 1453 йили май ойида Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ Қустантиниянинг фатҳ қилганда 23 ёшда эди...
Ҳозирда юртимизда илм олиш учун барча шароитлар яратилган. Ёшларга, айниқса уларнинг замонавий билим олишига, эътибор кучайди. Ўтган сўнги тўрт йил вақт мобайнида ёш авлод камолотига қаратилган элликдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, тўртта қонун, ўттиздан ортиқ Президент фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қирқдан зиёд қарори қабул қилинди. Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги ёшларимизни имкон қадар чет тилларини, айниқса, ғарб ва шарқ тилларини мукаммал билишларига аҳамият беришимиз даркор.
Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ўргатишимиз лозим ва ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур.
Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ – инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида:
“Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривоятлари).
Хозирги кунда, интернетда, ижтимоий тармоқларида ёки хорижга борганда, бемазҳаблик ёки Ислом уламолари қоралайдиган “Ҳизбут-таҳрир” каби адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақланишлари лозим. Хориждан туриб фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали юртимизни динсизликда айблайдиган сохта даъватчилар, турли бидъатчи фирқаларнинг макридан эҳтиёт бўлишлари даркор. Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.
Каттабаев Муҳаммадали
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири