ТАКАББУРЛИК – МУСУЛМОНГА ЁТ СИФАТ
Маълумки, хулқ-атвор инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади ва унинг охиратдаги даражаси қандай бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади. Яхши хулқлар сабабли киши катта ютуқларга эришса, ёмон хулқлар доим унинг оёғига “кишан” бўлади.
Динимизда мақталган хулқлардан бири камтарлик бўлиб, унинг зидди кибру ҳавога берилишдир. Кибр – ўзини ўзгалардан устун кўришдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таъбирлари билан айтганда: “Кибр – ҳақни инкор қилиш ва одамларни камситишдир (Имом Муслим ривоятлари). Кибр энг зарарли қалб касалликларидан бири бўлгани учун уни даволашга динимизда катта эътибор қаратилган.
Кибрнинг энг ёмони Аллоҳ таолонинг динига ва унинг оятларига қарши қилингани, кибр билан унинг ибодатидан юз ўгирилганидир. Биринчи содир бўлган гуноҳ кибр сабабли эди. Иблис у сабабли Аллоҳ таолонинг буйруғидан юз ўгирди. Одам алайҳиссаломга таъзим бажо келтирмади, ўзини одамдан устун ва афзал деб билди. У ўзининг асли оловдан яратилгани билан кибрланди, Одам алайҳиссаломнинг асли тупроқ экани сабабли уни хор деб билди. Ваҳоланки, уни вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
“(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) чиқ! У ер (жаннат)да сенга такаббурлик қилишинг жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен (энди) ҳақирлардандирсан” (Аъроф сураси 12-13-оятлар).
Энди асли бир ота-онадан тарқалган инсонлар мол-дунёси, мансаби, обрў эътибори ва насли-насаби сабаб ўзгалардан ўзини юқори олиши, бошқаларни ерга уриб кибрланиши Иблиснинг кибрланишига ўхшашдир.
Барча пайғамбарларга уларнинг қавмидаги мутакаббир инсонлар қарши чиқишган. Пайғамбаримиз аллайҳиссаломга ҳам аксарият Макка мушрикларининг катталари қарши чиқишди. Уларга Исломдаги адолат, тенглик ва оддий одамлар билан бир сафда туриш жуда оғир ботарди. Бунга кибрлари йўл бермасди. Демак, кибр инсонни ҳақиқатни инкор қилишга етаклайди.
Аллоҳ таоло Исро сурасида бандаларини бир нечта катта гуноҳлар: исроф, бахиллик, болаларни камбағалликдан қўрқиб ўлдириш, зино, одам ўлдириш, етимни молини ейиш, тарозудан уришдан қайтариб, уларнинг охирида ер юзида кибрланиб юришни ҳам санайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
яъни: “Ер юзида кибр-ҳаво билан юрма! Чунки асло ерни тешиб кира олмайсан ва бўй-бастда тоғларга ета олмайсан. Буларнинг барча ёмонлари Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳ(лар)дир” (Исро сураси 37-38-оятлар).
Қуръони каримда зикр қилинишича солиҳ банда Луқмони ҳаким ўғлига камтар бўлиш, ер юзида кибрланиб юрмасликни тавсия қилганлар. Мутакаббирларни Аллоҳ таоло севмаслигини билдирганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадиси шарифларида бизни кибрнинг катта гуноҳлигидан огоҳлантирганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам кибр ҳақида шундай дейдилар:
“Жаннат ва дўзах ўртасида мунозара бўлди. Дўзах: “Жабр қилувчилар ва мутакаббирлар мендадир”, – деди. Жаннат: “Одамларнинг заифлари ва мискинлари мендадир”, – деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм чиқариб шундай деди: “Сен жаннатсан, менинг раҳматимсан, сен билан хоҳлаган кишиларимга раҳм қиламан. Сен дўзахсан, сен билан хоҳлаган кишиларимни азоблайман. Сизларни ўзим тўлдираман”” (Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом кибрни тарк қилиш ва камтарликда чиройли ўрнак эдилар. У зот Аллоҳ таолонинг севимли пайғамбари бўлсаларда, мартабалари жуда юксак экани маълум бўлсада, ҳеч ўзларини ўзгалардан устун олмаганлар. Фазилатларини айтиш зарур бўлган ўринларда ҳам, “Бу билан фахрланиш йўқ”, деб қўярдилр. Саҳобийлардан бойларими ё камбағалларими бир таомга чақирсалар рад қилмас эдилар. Ўзларини хизматларини ўзлари қилар эдилар, ибодатларда ўзгалардан ёрдам олмасдилар. Кимни кўрсалар унга биринчи бўлиб салом берардилар. Заиф ва қарияларни аҳволига риоя қилардилар. Ҳеч қачон ўзлари учун қасос олмас, ғазабланмас эдилар. Уларнинг ғазабланиши шариат ҳукмлари паймол бўлганда бўларди. У зотга лойиқ уммат бўлиш учун биз ҳам бу хислатлардан ўрнак олишимиз, У зотнинг йўлларини тутишимиз керак.
Кибр қалбга кириб қолса, ундан қутилиш қийин бўлади. Шунинг учун у кирадиган йўлларни ёпиш осонроқдир. Кибрни даволаш йўллари қуйидагилар:
- Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб дуо қилиш.
- Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларини тафаккур қилиш, уларни шукрини қилиш, хокисорлик, нафсни бўйсундириш, ўзини ўзгалардан катта олмаслик билан бўлади.
- Солиҳ инсонлар билан суҳбат қилиб туриш, чунки табиатлар бир биридан таъсирланади.
- Кибрга бериладиган азобларни ёдда тутиш.
- Ўтган умматлардаги мутакаббир кишилар ёки жамоатларга келган азобларни эслаш.
- Камтарликни лозим тутиш:
- Имкон борича еб ичиш, кийинишда, юриш туришда ҳаддан ошмаслик, оддийлик ва ўртачаликни лозим тутиш;
- Вақтини топиб фақир ва мискинлар билан ўтириш;
- Имкон борича ўзининг ҳожатларини ўзи бажариш.
Насритдинов Ривожиддин
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий ишлари
бўйича мудир ўринбосари