Яратилиш санаси 24.04.2022

Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларни қисқача тафсилоти:

1. Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора эди.
2. Киприклари узун. Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим эди.
3. Сийнасидан киндиккача узун ва ингичка мўй тушган эди.
4. Баданлари туксиз.
5. Бирор тарафга бурилсалар, гавдалари билан бурилар эдилар.
6. Қошлари қўшилмаган, эгик эди.
7. Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди.
8. Қорин ва сийналари текис ҳамда баробар.
9. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Бу муҳр кабутар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тук эди.
10. Юришлари тез эди.
11. Барчадан илгари салом берардилар.
12. Сочлари икки қулоқ ярмига тушарди. Ҳаж ва умрада олдирганлар.
13. Сочларини тарар, бўяр ва баъзида фарқ очардилар.
14. Ўнгдан бошлашни суярдилар. Сочга ёғ суртардилар.
15. Кўзларига ҳар кеча сурма қўярдилар.
16. Кийимни йиртилгунча кияр эдилар.
17. Узуклари кумушдан бўлиб, ўнг қўлга таққанлар.
18. Салла ўрардилар (7-12 газ).
19. Таомни суяниб емасдилар. Таомни айбламас, ёқса ер, ёқмаса тарк этар эдилар.
20. Таомдан сўнг бармоқларини уч бор ялар эдилар.
21. Хонтахта устида овқатланмас эдилар.
22. Таомлари товуқ гўшти, қўй гўшти, тўрғай гўшти, сирка, зайтун ёғи, арпа нони, нон тўғралган шўрва (сарид), хурмо, талқон эди. Ширин ва совуқ ичимликни, сутни, замзамни суярдилар.
23. Пиёлалари ёғочдан бўлган эди.
24. Бодрингни ва қовунни (янги) хурмо билан қўшиб ер эдилар.
25. Сув ичганларида уч бор тўхтаб-тўхтаб, нафас олиб ичардилар.
26. Бирор нарсага ишора қилсалар, бутун кафтлари билан ишора қилар эдилар.
27. Шеър ўқир ва эшитар эдилар. (Шоирлари: Ҳасан ибн Собит).
28. Аввал икки ракат енгил намоз ўқиб, сўнгра таҳажжудга киришардилар.
29. Қироатни ҳарф-ҳарф, очиқ ва равшан, ҳар бир оятни алоҳида ўқир эдилар.
30. Қуръонни ўзгадан эшитишни суяр эдилар.
31. Тўшаклари теридан, ичига хурмо дарахти пўстлоғи солинган эди.
32. Қаерга борсалар, бўш ўринга ўтирардилар.
33. Уйдаги вақтлари учга бўлинарди: 1. Ибодат; 2. Уй ишлари; 3. Шахсий ишлар.
34. Ҳар бир ишнинг тадбирини аввалдан қилар эдилар.
35. Сариқ либосни суймас эдилар.
36. Ҳеч кимни урмаганлар.
37. Ўзлари дарвешона ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари зиёда эди.
38. Ҳадя олиб, мукофот берардилар. Ҳадяларни келган куниёқ, муҳтожларга тарқатар эдилар.
39. Узоқдаги товушларни ҳам эшитар, ҳеч ким кўра олмайдиган масофани бемалол кўрар, қоронғуда ҳам кундузгидек бемалол кўраверар эдилар.
40. Лўнда, қисқа, аниқ, такаллуфдан ҳоли ва айни пайтда фасоҳат билан гапирар эдилар.
41. Ҳар кимнинг ақлига мослаб сўзлар эдилар.
42. Кулишлари табассум эди.
43. Дастлаб кўрган одамни ҳайбатлари босар, муомала қилиб таниганидан сўнг, ҳамма у зотни яхши кўриб қолар эди.
44. Бир марта ҳаж, тўрт марта умра қилганлар.
45. Кам овқат ер, кам ухлар эдилар.
46. Ўзлари учун интиқом олмасдилар.

Абдураҳмонов Муҳаммадхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси