Яратилиш санаси 28.04.2022

Илм мажлисини тарк этмаслик

Толиби илм илмни тушунмаганлиги сабаб илм мажлисларини тарк қилмаслиги лозим.

Имом Самарқандий "Тухфатул фузало" номли китобларида айтадиларки: “Ким олимнинг ҳузурида ўтириб олим айтаётган нарсаларни тушунмаса ҳам у еттита кароматга эга бўлади”. 

Биринчиси: Таълим олувчиларнинг фазилатига эга бўлади.

Иккинчиси: Гуноҳ ишларни қилишдан ўзини тийиб туради модомики ўша илм мажлисида ўтирса.

Учунчиси: Уйидан илм талаби қилиш ниятида чиқса унга Аллоҳнинг раҳмати тушади.

Тўртинчиси: Илм талабида ўтирганларга раҳмат тушса, ана шу раҳматдан унга ҳам бир насиба етади.

Бешинчиси: Модомики илм мажлисида ўтириб тинглар экан унга ҳасанотлар ёзилиб туради. 

Олтинчиси: Илм мажлисига ўтириб қулоқ солиб тингласаю лекин тушунмаса қалби илмдан маҳрум бўлганлиги сабабидан изтиробга тушуб сиқилса, унинг илмни тушунмаяпман деб ғамга ботиб сиқилиши Аллоҳнинг раҳмати тушишига сабаб бўлади. 

Хабарларда шундай келадики: Аллоҳ таоло “мен қалби синиқ кишилар билан бирга бўламан” дейди.

Еттинчиси: Одамлар олимни иззат ҳурмат қилаётганини кўради натижада  аҳли илмларга нисбатан қалбининг тошбағирликдан ва қўпол муомала қилишдан қалби қайтади.

Ишанов Исмоилхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси