Яратилиш санаси 02.05.2022

Ҳайит намози ҳукми

Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. 

Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни доим ўқиганлар, асло тарк қилмаганлар. Имом Молик ва Имом Шофиъий наздида суннати муаккададир. Имоми Аҳмад бўлса, фарзи кифоя дейдилар.

Ҳайит намозини ўқишга Аллоҳ таолонинг мана бу ҳукми далолат қилади:

ولتكبروا الله على ما هداكم

“Яна рўзани тамом қилиб, Худони улуғлаб ёд қилмоқликларингизни хоҳлайди, чунки сизларни шу ибодатларни қилишга ҳидоят қилди”. (Бақара сураси, 185-оят).

Тафсир олимлари мазкур оятдаги “Худони улуғлаб ёд қилиш”ни ҳайит намозини ўқишдир, деганлар.

Ҳайит намози ҳам жумъа намози каби балоғатга етган эркакларга, ақли жойида, озод инсонга, кўзи, оёғи саломат кишига, шунингдек, шаҳар ва катта қишлоқларда яшовчиларга вожибдир.

Шу боисдан шаръий узри йўқ одам ҳайит намозга бормаса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолиши, шубҳасиздир. Йилда бор йўғи икки марта ўқиладиган намозни қолдирмаслик керак. 

Бундай маъсиятдан Худонинг ўзи асрасин!

Муҳаммаджон Абдураҳманов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси