ЭЪТИКОФ МАСАЛАСИ
Изоҳ: الاعتكاف [ал-иътикаф] – “Эътикоф” сўзи луғатда “ушлаб қолиш”, “туриб қолиш” ва “лозим тутиш” деган маъноларни ифодалайди. Шариатда эса “Рўзадор кишининг эътикоф нияти билан жамоат масжидида қолишидир”. Эътикоф суннати муаккада амалдир.
سنّ لبثٌ في مسجدٍ بصومٍ ونيّةٍ
Рўза тутган ҳолда ният билан масжидда қолиш суннатдир.
Изоҳ: Масжид деганда беш вақт намоз жамоат билан адо қилинадиган масжид тушунилади.
وأقلّه نفلًا ساعةٌ
Нафл тарздаги эътикофнинг энг ози бир муддат туришдир.
Изоҳ: Нафл тарздаги эътикофнинг энг ози Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ наздида кундузнинг кўп қисми, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздида эса бир кундир. Матндаги гап имом Муҳаммадга тегишли бўлиб фатво шунга берилган.
والمرأة تعتكف في مسجد بيتها
Аёл киши уйидаги намоз учун ҳозирлаган жойида эътикоф ўтиради.
ولا يخرج منه إلّا لحاجةٍ شرعيّةٍ كالجمعة أو طبيعيّةٍ كالبول والغائط
Эътикоф ўтирган киши фақатгина жума намози каби шаръий эҳтиёжи ёки бавл ва ҳожат чиқариш каби табиий эҳтиёжи учунгина (масжиддан) чиқади.
فإن خرج ساعةً بلا عذرٍ فسد
Бир муддат узрсиз масжид ташқарисига чиқса қилаётган эътикофи бузилади.
وأكله وشربه ونومه ومبايعته فيه
(Эътикоф ўтирган кишига) масжид ичида емоқлиги, ичмоқлиги, ухламоқлиги ва (савдо молини олиб келмасдан) савдо-сотиқ қилмоғи жоиз.
وكره إحضار المبيع والصّمت والتّكلّم إلّا بخيرٍ
Савдо молини масжидга олиб келиши, масжидда жим ўтириши ва яхши гапдан бошқа гапни гапириши макруҳ.
ويحرم الوطء ودواعيه
Эътикоф ўтирувчига (аёли билан) жинсий алоқа қилиш ва жинсий алоқага олиб борадиган (ўпиш, қучоқлаш каби) ишлар ҳаромдир.
ويبطل بوطئه
Жинсий алоқа қилиш билан (эътикоф) ботил бўлади (бузилади).
ولزمه اللّيالي أيضًا بنذر اعتكافه أيّامٍ
Бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган кишига (ўша кунларнинг кундузи билан бирга) кечаларида ҳам эътикоф ўтириши лозим бўлади.
وليلتان ينذر يومين
Икки кун (эътикоф ўтиришни) назр қилган кишига шу икки куннинг икки кечасида ҳам эътикоф ўтириши лозим бўлади.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси