Мазҳабга эргашиш...
Одатда, билмасдан туриб бемазҳаблик фитнасига алданиб қолган киши билан мулоқот қуйидагича бошланиб, уларга келтирилган жавоблар, қалбида Аллоҳ учун ихлосли бўлган инсон ўз хатосини тушуниши учун етарли бўлиши керак, иншаАллоҳ:
- Мазҳабга эргашиш мумкин эмас!
- Хўш, унда нимага эргашиш керак?
- Фақат Қуръон ва Суннатга эргашиш лозим!
- Сиз Аҳли сунна вал жамоанинг барча 4 имомлари Қуръон ва Суннатга қарши бўлганлар демоқчимисиз?
- Мен бундай демадим. Мен уларга тақлид қилиб эргашиш керак эмас дедим. Чунки улар хато қилган бўлишлари мумкин.
- Сизнинг фикрингизча - охирги 1000 йил давомида яшаган минглаб Аҳли сунна уламолари, мисол учун, икки Саҳиҳайн тўпламининг энг яхши шарҳчилари бўлмиш Имом Нававий ва Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳумуллоҳга ўхшаш уламолар, мазҳаббоши имомларимизда хатолар бўлганлигини билишгану, лекин бу хатолар тўғрисида бошқаларга индашмай, ўзлари мазҳабга эргашишда давом этаверганлар демоқчимисиз?
- Мен бундай демадим. Мен ҳар бир қилаётган амалингга далил қидириб топиб, кейин амал қилиш кераклигини айтмоқчи эдим.
- Унда бизга уламолар нима учун керак? Сиз уламолар билан диндаги оми орасида фарқ нимада деб ўйлайсиз?
- Уламолар динни яхшироқ биладилар, бу эса оддий мусулмонлар учун керакли бўлган саволларга жавоб топишларини осонлаштиради. Бундан ташқари уламоларда, омига қараганда хато қилиш эхтимоли камроқ.
- Мана шундай қилиб, сиз уламоларга тақлид қилиб эргашиш керак эмас деган сўзингизга ўзингиз жавоб бердингиз. Динда кимгадир эргашмасликнинг имкони йўқдир. Хато қилиш эҳтимолини камайтириш мақсадида, минг йиллардан бери барҳаёт бўлиб келаётган, шу ўтган давр мобайнида минглаб уламолар томонидан таҳлил этилиб, аниқлаштириб, биз учун тайёр ҳолда тушунтириб, етказиб берилган Ислом шариатига эргашиш жудаям муҳимдир. Шу сабабли, Аҳли сунна вал жамоанинг 4 имомининг мазҳаблари – бизнинг давримизда Қуръон ва Суннатга эргашишнинг ягона йўлидир.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси