Ислом дини инсонларни ҳамиша бирдамликка, ҳамжихатликка чорлайди
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳаётлари биз учун ўрнак. Мадинада муҳожирлар билан ансорларни дўст тутинганликлари, мусулмонларни ака-ука бўлиб, яшашга чорлаганлари бунга яққол мисол. Аллоҳ Каломида таъкидлаганидек, "Барчангиз Аллоҳни арқонини маҳкам тутинг" (Оли Имрон 103 оят).
Айни пайтда интернет тармоқларида баъзи бир «даъватчилар»нинг шов-шувга сабаб бўлган чиқишлари, қайси бир маънода тўғри бўлиши мумкин, лекин унинг ортидан келадиган салбий ҳолатлари бисёр. Чунки уларнинг чиқишларга қаралса, инсонларга манфаат келтиришдан кўра, халқ орасида низо, фитна уруғи тарқалётганини гувоҳимиз.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, турган киши юрган кишидан яхшидир, юрган киши (унга қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Маънавияти паст тафаккур доираси тор бўлган тоифалар бундайларни қуллаб қувватлаб халқ орасида бўлинишга тафриқа келтириб чиқаришга сабаб бўляпти. Ўтмиш тарихга назар солсак халқимиз бошидан не-не бўронлар, довуллар эсмади, синовлар ўтмади.
Ота-боболаримиз солиҳ инсонлар дуоси баракотидан шундай ёруғ кунларга етишдик. Биз ҳам яратганга шукр етиб дуони кўпайтирмоғимиз лозим. Зеро, мўъминнинг қуроли дуодир.
Аллоҳ бир нарсани бўлишини ихтиёр этса, банданинг қалбига солади, банда кейин дуо қилса Аллох ижобат қилиб, ўша ишни амалга оширади. Аллоҳим дуолар ижобат бўлишлигини насиб айласин.
Абдулазиз Бобамирзаев