Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг илмий фаолияти
Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан яратилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг "Хулосат ал-асар фи аъён алқарн алҳодий ашар" ва аш-Шаавконийнинг "ал-Бадр ат-толеъ" асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.
"Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар" китобида келтирилишича, Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) фозил илм пешволари ва энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим бўлган. У ўзида ақлий ва нақлий билимларни мужассамлаштирган бўлиб, шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган.
Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп илмий асарлар яратган. Улар жумласига, фиқҳшунослик, ҳадисшунослик, Қуръонни қироатларда ўқиш, калом илми, тасаввуф, тарих, таржима, адабиётшунослик соҳаларини киритишимиз мумкин. Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг бетакрор, камёб тарзда ёзилган, ҳамда латиф ва мазмунли мулоҳазаларни ўз ичига қамраб олувчи асарларининг кўплиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлардан иборат китоблар ва кўплаб саҳифалар ҳамда рисолалардан иборат.
Олимнинг тўпламларни ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у барча асарлардаги бобларни қимматли маълумотлар ва мубоҳасалар билан бойитган. Улар барча учун тушунарли, кўпчилик олимлар ижодида учрамайдиган йўналиш билан ёзилган бўлиб, ҳеч қандай мавҳум иборалар иштирокисиз амалга оширилган.
Бундан ташқари, Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) моҳир хаттот бўлиб, ҳар йили битта мусҳафни кўчириб, уни сотарди ва шу орттирган даромадини келгуси йилгача ўзининг моддий томонларини қоплашга етказарди.
Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий ўзининг "Тарих ал-хаттул арабиййа ва адабиҳи" китобида шундай ёзади: "Мулла Алий ал-Қорий йил бўйи мусҳаф ёзарди ва уни ёзиб тугатгач, сотиб пулини йил давомидаги ўзининг сарф ҳаражатлари учун ишлатарди".
Аш-Шавконий "Ал-Бадр ат-толеъ" асарида ёзишича, Мулла Алий ал-Қорий ўнинчи ҳижрий сананинг бошларида майдонга чиққан мужаддид ва мужтаҳиддир.
"Алий ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий, - деб ёзади машҳур фақиҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани ал-маккий ал-Ҳанафий "Иршод ас-сорий ила маносик ал-Мулла Алий ал-Қорий" асрида ўз замонасининг буюк алломаси, машҳур олим, ақлий ва нақлий билимларни ўзида мужассамлаштирган, Қуръони Карим ва ҳадис илми бўйича билдирилган фикрларни асосли тарзда шарҳловчи-тадқиқотчидир".
Мулла Али ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Маккадаги кўплаб алломалардан илм олади ва ўзининг тинимсиз изланишлари натижасида етук олим бўлиб етишади. Ўша пайтда Макка шаҳри ва хусусан, Араб диёрларида кўпроқ шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга мансуб баъзи кишилар (айниқса, шофеъийга) етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни фақат "раъй"га асосланган, деган гапларни тарқатишади. Баъзилар эса ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига ҳам маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида нўноқликда айблашарди.
Ҳанафия мазҳабига мансуб бўлган Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) илм бобида шундай юксак мартабага кўтарилдики, бу салоҳият унга айрим мазҳаб имомлари ортидан эргашиб Абу Ҳанифа тўғрисида нотўғри фикрда юрганлар қарашларига эътироз билдиришга, кескин раддиялар ёзишга ва Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто, инкор этилиш даражасига етган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга сабаб бўлди ва у бунинг уддасидан чиқди. Имом Моликка эса намозда қўлни пастга тушуриб ўқиш борасида қарши чиқади.
Бироқ, бу чиқишлар Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ) олдида кўплаб қийинчиликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Олим аш-Шавконий, унинг бу борадаги жасорати ҳақида гапириб, шундай дейди: "Ушбу қараш унинг даражасини Яна бир бор кўкка кўтаришнинг исботидир, чунки мужтаҳиднинг олдида турувчи вазифа ихтилофли масалаларда ҳақиқий далилни баён қилиш ва унга ўз қарашларини ҳолис ҳолда аввалги ўтган олимлар томонидан тўғри ёки нотўғри фикр билдирилганлигини аниқ баён қилишдан иборатдир".
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси