Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси
Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси қуйидагилардан иборат:
أن يعلم أن الله تعالى فعل ما شآء ويفعل ما يشآء فهم الخلق أو لم يفهم خيراً كان أو شراً
Аллоҳ таоло гуноҳкор мўминларни гуноҳлари миқдорида жаҳаннамда азоблашини ҳақ деб билиш.
Мўмин киши инсонларни беш: мушрик, мунофиқ, гуноҳ қилмайдиган мўмин, қилган гуноҳига тавба қиладиган мўмин ва гуноҳига тавба қилмайдиган гуноҳкор мўмин каби тоифаларга бўлинишини билиши лозим.
Билингки, ким мушрик ёки мунофиқ ҳолда вафот этса, дўзахга киради ва унда абадий қолади. Ким ҳеч қандай гуноҳ қилмаган ёки қилса ҳам, тавба қилган ҳолда вафот этса, жаннатга киради ва унда абадий қолади. Ким гуноҳи кабиралар қилиб, сўнгра тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳ таолонинг машиати (хоҳиши)да бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласа, Ўз фазли билан унинг гуноҳларини мағфират қилади, хоҳласа, Ўз адолати билан уни гуноҳларининг миқдорича азоблайди ва шундан сўнг Ўз фазли билан жаннатга киритади.
Қуйидаги ояти карима ва ҳадислар фикримизнинг тўғрилигига далил бўлади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур” (“Нисо” сураси, 48-оят);
“Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвоза учун уларнинг бир тўдаси тақсим (тайин) этилгандир” (“Ҳижр” сураси, 44-оят) ояти нозил бўлганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “(Дўзахнинг) мана бу эшигидан кимлар киради?” – деб сўрадилар.
Жаброил алайҳиссалом: “Умматингизнинг гуноҳкорлари кирадилар”, – деб жавоб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ йиғлаб юбордилар ва уйларига кириб кетиб, етти кун намоздан бошқа ишлар учун ташқарига чиқмадилар, ҳеч ким билан гаплашмадилар.
Ниҳоят Аллоҳ таоло у зотга умматларини шафоат қилиш ваъдасини берди. Жаброил алайҳиссалом: “Дўзахнинг еттита эшиги бўлиб, биттаси гуноҳи кабира қилиб, тавба қилмасдан вафот этган умматларингиз учундир. Аллоҳ таоло уларни гуноҳларига яраша жазолаб, сўнгра имонларининг барокатидан уларни дўзахдан чиқаради ҳамда сизнинг шафоатингиз билан жаннатга киритади”, – деди.
Бу борада кўплаб оят ва ҳадислар келган. Биз юқоридагилар билан кифояландик. Ким бундан бошқа сўзларни айтса, бидъатчи бўлади. Ушбу далиллар оқил инсон учун кифоя қилади дейди.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси