Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси
Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси қуйидагилардан иборат:
أن يعلم أن الله تعالى فعل ما شآء ويفعل ما يشآء فهم الخلق أو لم يفهم خيراً كان أو شراً
Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини қилган ва қилади. Махлуқотлар буни яхшилигини тушунадиларми ёки тушунмайдиларми Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган ишини қилади, деб билиш.
Инсонлар тушуниш ёки тушунмасликлари, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини қилган ва хоҳлаган нарсасини қилади, деган эътиқодда бўлишлари лозим. Аллоҳ таоло қилган ишлар ҳикмат ва адолат бўлиб, зулм ҳисобланмайди. Ким Аллоҳ таолони зулм билан сифатласа, кофир бўлади. Аллоҳ таоло барча махлуқотлар устидан қодир ҳамда барса нарсаларни билувчи Олим Зотдир. Бунга қуйидаги оятлар далил бўлади:
“Албатта, Аллоҳ ҳар нарсани билувчи Зотдир” (“Анфол” сураси, 75-оят; “Тавба” сураси, 115-оят; “Анкабут” сураси, 62-оят; “Мужодала” сураси, 7-оят);
“Зеро, Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир” (“Бақара” сураси, 20 оят, 109-оят, 148-оят).
Барча ишлар Аллоҳ таолонинг қудрати ҳамда тасарруфида бўлади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади: “Бас, қачон бирор ишни ҳукм қилса, унга фақат: “Бўл!” – деса бас, (иш) бўлур” (“Гʻофир” сураси, 68-оят).
Баъзан биз бирон нарсани ёмон кўрамиз. Бироқ у аслида биз учун яхши бўлиши мумкин. Гоҳида биз бирор нарсани яхши кўрамиз. Бироқ у аслида биз учун ёмон бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
“Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (“Бақара” сураси, 216-оят), – деб марҳамат қилган.
Ушбу далиллар оқил инсон учун кифоя қилади.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси