Фарзандлар бизларнинг келажагимиздир.
Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Жумладан, Иброҳим сурасининг 35-оятида бундай дейилади
«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!”»
Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.
Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади.
Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.
Буюк ватандошимиз шайхур раис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга»
Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.
Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қиссаларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достонларидан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бериш, сўзлаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳраманд бўлади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».
Рашидов Аброрхўжа