Ҳаж ва умрада соч олиш ҳукмлари
Ҳаж ва умра амали динимиздаги мусулмон киши умри давомида қодир бўлса бир маротаба бажариладиган молиявий ҳамда баданий улуғ ибодатлардан саналади. Бошқа ибодатлардан фарқли равишда бу амални бажаришда молимизни, кучимизни ва вақтимизни сарф қиламиз шу билан бирга узоқ ўлкалардан ўз ватанларини тарк қилиб мусофир бўлиб борувчилар бу амални бажарганлари учун жуда катта ажру-савобга эга бўладилар.
Ҳар бир амални қабул бўлиши ва унга ваъда қилинган ажрга эга бўлиш учун унга қўйилган шарт ва талабларга ва унинг тартиб интизомига қатьий амал қилиш билан бўлади. Ҳаж ва кичик ҳажга яни умрага борувчиларга имкониятлар кенг очилгани сабаб тез-тез бориб келишмоқда, аммо баъзи кишиларда ибодат илмини пухта ўрганмасдан ёки аҳли илмлар билан маслаҳат қилмасдан амалларни нуқсонли ҳолда бажариб қўйиш ҳоллари учраб турибди. Шулардан бири бу ҳаж ёки умрада соч олиш масаласи.
Соч олиш ҳажда ҳам умрада ҳам вожиб амаллардан яъни эҳромдан чиқиш шартлари бўлиб, унинг кўриниши сочни қисқартириш ёки таги билан устарада олиш. Соч олдириш эркаклар учун афзал пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уч бор «сочини олдирганларни Аллох мағфират қилсин» деб охирида бир бор, «қисқартирганларни ҳам» деб мархамат қилдилар.
Соч олиш миқдори бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда энг камида сочини тўртдан бирини олиш ёки қисқартириш билангина амалга ошади акс ҳолда соч олинган ҳукмида бўлмайди. Сочни қисқартириш бошнинг ҳаммасини ёки тўртдан бирини, соч толалари учидан бармоқ учини миқдорича бўлишини фиқҳий китобларимизда айтиб ўтилган. «ан-Ниқоя» .
Умра ёки ҳажга эҳром боғлаган киши агар бу микдордан кам олиб ёки бармоқ учининг миқдоридан кам қисқартирган ҳолда эҳромдан чиқиб олса, бир кун давомида тикилган кийимларини кийиб юрса, Маккада бир жонлик (қуй) сўйиш вожиб бўлади. Бир кундан кам вақт ўтса бир соъ яъни икки кг буғдой ёки уни қийматини садақа қилиш вожиб бўлади. Агар соч олмасдан чиққан бўлса, яна қайтадан эҳромга кириб сочини олдириб ёки қисқартириб сўнгра эхромдан чиқади.
Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни бенуқсон бажаришимизга ўзи кўмакчи бўлсин.
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси