Яратилиш санаси 02.06.2022

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ёзган асарлари

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг асарлари, юқорида айтганимиздек, жуда кўп ва ранг барангдир. Биз қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз:

1. "Шарҳ ал-мишкот"  ёки "Мирқот ал-мафотиҳ". Бу асар Хатиб Табризийнинг "Мишкот ал-масобиҳ" асарига ёзилган Шарҳ бўлиб, у  Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шох асаридир. Бу шарҳ ўн бир жилддан иборат. Ушбу асар олиб бораётган илмий тадқиқотимизнинг объекти бўлганлиги сабабли, у ҳақида қуйида батафсилрок тўхталиб ўтамиз. 

2. "Шарҳ Мулла Алий ибн Султон Муҳаммад Ал-Қорий ал-Ҳанафий ала ал-Фиқҳ ал-Акбар ли Имам ал-Аъзам Аби Ханифа ан-Нўъмон ибн Собит ал-Куфий (тав.80/699 ваф.150/767 ) Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) илоҳиётга оид ушбу асарни имом Аъзамга нисбат берган ҳолда шарҳлаган. Мулла Алий ал-Қорий томонидан ёзилган шарҳ ўзига хослиги, масалалар кўлами кенглиги билан бошқалардан ажралиб туради. "Ал-Фиқҳ ал-Акбар шарҳи" ЎзФАШИ қўлёзмалар фондида ҳам қўлёзма, ҳам босма нашр холларида сақланиб келинмокда. Мисол тариқасида, 12317 рақами остида 1905 йилда Мисрда Мустафо ал-Бобий томонидан нашр этилган нусхаси; 8349,8552,10125 рақамлари остида эса 1905 йилда Мисрда Аҳмад Ножий томонидан чоп этилган нусхаларини келтириб ўтиш мумкин.

Шунингдек, Али ибн Султон Муҳаммад  ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг машҳурликда юқоридагилардан кам бўлмаган бир қатор асарларини зикр этиб ўтамиз.

3. "Иршод ас-Сорий". Унинг бу асари Ислом дини фарзларидан бири бўлмиш Хаж амали арконларига бағишланган.

4. "Ас-Симор ал-жаниййа фи асма ал-ҳанафиййа".Ушбу асар ҳанафий мазҳабига мансуб уламолар фаолиятларини ёритишга бағишланган.

5. "Нузҳат ал-хотир ал-фотир фи таржимат ас-Саййиди Абулқодир" асари ислом дунёсидаги энг машҳур ва етук шайхи Абулқодир ал-Ғилонийнинг таржимаи ҳоли ва ҳаёт йулларини баён этишга бағишланган.

6. "Шарҳ ал-арбаин ан-Нававиййа" асари Имом ал-Нававий жамлаган 40 ҳадис тўпламига ёзилган шарҳдир.

7. "Шарҳ ул-Бурда" асари эса машҳур "Қасидаи Бурда" асарига ёзилган Шарҳдир.

8. "Шарҳ ал-виқоя фи ал-фиқҳ" асари "Мухтасар ал-виқоя" китобига ёзилган шарҳ. Унда Аллома Абу-л-Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ) Имом Молик мазҳабидаги шахсларнинг ҳанафийлик мазҳаби борасидаги қарашларини нотўғри эканлигини маълум қилиб, барча аҳкомларни оят ва ҳадислар билан исботлаб чиққан.

9. "Тазйин ал-ибора фи таҳсин ал-ишора" ва "ат-Тадхин ли ат-тазйин" асарлари. Буларнинг иккиси ҳам ташаххуд масалалари мавзусини ўз ичига қамраб олади.

10. "Арбаийна ҳадисан фи фазоил ал-Куръан","Арбийна ҳадисан фи таркиб Ла илаҳа иллаллоҳ" ва "Арбаийна ҳадисан фи қироат ал-басмала фи аввали сура бароа" номлиҳадисилмига оид асарлари. Ушбу асарлар юқоридаги масалалар, яъни "Қуръони карим фазилатлари", "Ла илаҳа иллаллоҳ", "суралардан олдин Бисмиллаҳир роҳманир роҳимни ўқилиши" ҳақида Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган ҳадислар қирқлигидан иборат.

Мулла Алий ибн Султон Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) кўп соҳаларда ёзилган ноёб асарларни оддий ҳалк оммасига тушунарли ва қулай бўлиши учун уларга асар тарзида кўплаб шарҳлар ва мулохазалар ёзган. Улардан: "Шарҳ сулосиёт ал-Бухорий", "ан-Номус", "Хошиёт ал-Жалолайн", "Тазкират ал-мавзуот", "Шарҳ қасидат ат-тавхид", "ар-Радд ала ибн ал-Арабий", "Шарҳ мухтасар ал-манор", "Тавзих ал-мабоний", "Мушкилот ал-Муватто", "Шарҳ аш-шифо","Шарҳ ал-хисн", "ал-Асмор фи ал-фиқҳ", "Шарҳ айн ал-илм", "Шарҳ аш-Шамоил", "Таълик ала адаб ас-Сухравардий", "Тазйин ал-ибора фи тахсин ал-ишора", "Масъалат ал-ишора бис-сабоба", "Рисалат фи ан хажжи Аби Бакр кана фи зулхижжа", "Рисалат фи ҳукми сабби аш-шайхайн ва ғайриҳим мин ас-сахаба", "Рисолат фи Хубб ал-ҳиррати мин ал-иман ", "Жамъ ал-васаил фи Шарҳ ал-масаил", "ал-Хизб ал-Аъзам", "ал-Маснуъ фи маърифат ал-мавзу фи ал-ҳадис", "Кашф ал-хидр ан амр ал-хизр", "Бахжа ал-инсан фи сабахат ал-хайван", "ал-Ибтида фи ал-иқтида", "Фароид ал-қаланд" ва бошқа кўплаб шуларга ўхшаш рисола ва шарҳларни келтиришимиз мумкин.

Маҳмудов Калимуллоҳ 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси