Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси
Катта жамоа – аҳли суннанинг белгиси қуйидагилардан иборат:
أن يرى أن الإيمان بالحقيقة لا بالمجاز
Имонни мажоз эмас ҳақиқий деб билиш.
Мўмин киши имон мажозий маънода эмас, балки ҳақиқий бўлишини билмоғи лозим бўлади. Чунки
инсон учта ҳолатдан биридан холи бўлмайди. Яъни у мўмин ёки кофир ёки мунофиқ бўлади. Кимнинг имони ҳақиқий бўлмаса, ҳақиқий кофир бўлади. Шундай экан, ким зино қилса ёки бирор мусулмонни ноҳақ ўлдирса ёки хамр ичса ёки ливота амалини қилса ёки мусулмоннинг молини олса ёки намоз ўқимаса ёки шуларга ўхшаш бир ишни қилса ҳам унинг имони саҳиҳ бўлади.
Ким унинг имонини мажозий бўлади, деса, бидъатчи бўлади. Бу сўзни айтган киши иккита ҳолат эътиборидан юқоридаги гапни айтган бўлиши мумкин. Биринчиси мўмин кишини гуноҳ ишларни қилиш сабабидан кофирга чиқарган бўлиши мумкин.
Иккинчиси тоат амалларни имонинг жузи ҳисоблаганидан юқоридаги гапни айтган бўлиши мумкин. Агар у тоат амалларни имоннинг жузидан ҳисобласа, у бидъатчи бўлади. Агар у мўмин кишини гуноҳларни қилиш сабабидан кофирга чиқарадиган бўлса ва унинг имони мажозий бўлади, деб айтса, унга бундай жавоб беринг: «Мўмин кишининг имони гуноҳлар қилиши билан мажозий бўлиб қолса, бунда сен: «Кофир намоз ўқиса, рўза тутса, барча хайрли ишларни қилса, хамр ичмаса, зино қилмаса, ноҳақ қон тўкмаса ва имон келтирмасликдан ташқари бирор гуноҳ қилмаса, унинг куфри мажозий бўлади, ҳақиқий куфр бўлмайди», деб айтмоғинг лозим
бўлади».
Кофир киши хайрли амалларни қилиш билан ҳақиқий куфрдан чиқмагани каби мўмин киши ҳам гуноҳларни қилиш билан ҳақиқий имондан чиқмайди. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳкорларни ҳам мўмин деб номлаган: «Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» .
Агар мухолиф киши ушбу оятга жавобан, Аллоҳ таоло гуноҳкорларни мажозий маънода мўминлар деб номлаган, деса, кофир бўлибди.
Мажозий маънода бир кишини мўмин деб айтиш унинг мўмин ёки мўмин эмаслиги маълум бўлмаган кишига нисбатан айтилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло гуноҳкор кишини ҳақиқий мўмин эканини билувчи Зотдир. Шунинг учун ҳам «Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» деб марҳамат қилган. Яъни «Эй кофирлар, тавба қилинглар» демади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло банадаларнинг феълларини ва ҳолатларини азалий илми билан билувчи зотдир. Қачонки Аллоҳ таоло гуноҳкорларни мўминлар деб номладими, улар ҳақиқий мўминлардир.
Уларнинг мўмин бўлишлари абадий мажозий маънода бўлмайди. Банда учта ҳолатнинг биридан холи бўлмайди: У ҳақиқий мўмин ёки ҳақиқий кофир ёки ҳақиқий мунофиқ бўлади. Агар мўмин киши гуноҳлар қилса сўнг тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Агар гуноҳ қилган мўмин киши тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилинади. Яъни Аллоҳ таоло хоҳласа адолати билан уни қилган гуноҳларига яраша азоблайди, агар хоҳласа фазли билан уни мағфират қилади.
Катта гуноҳ қиладиган кишилар ҳақида биз юқорида айтган сўзлардан бошқача гапни айтадиган киши бидъатчи бўлади. Мана шу далиллар оқил инсон учун кифоя қилади.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси