Фиқхий мазхабларга тақлид қилиш
"Тақлид" сўзи луғатда бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган бўлиб қолган.
Уламолар истилоҳида эса тақлид – “Сўзи хужжат бўлмаган кишига эргашишдир”[1].
"Сўзи хужжат бўлмаган" деган ибора ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлик чиқиб кетади. Чунки У Зотнинг сўзлари хужжатдир.
Фиқҳий мазхабларга тақлид қилиш тўғрисида уламолар уч хил йўналишга боришган.
1 Аллома ибн Ҳазм, имом Шавконий ва бошқа баъзи олимлар “тақлид қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки у Набий алайҳиссаломдан бошқага эргашишдир. Балки хар ким ўзи ижтиход қилиши лозим” дейдилар.
Уламолар бу сўзни ақл кўтармайдиган гап сифатида инкор қиладилар. Зотан ҳар бир одам мужтахидлик даражасига етиши мутлақо мумкин эмас[2].
2. “Тақлид қилиш вожибдир. Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мужтахидлардан кейин ижтиход эшиги ёпилган ва ижтиход қилиш мумкин эмас”.
Бу қараш ҳам худди аввалгиси каби иллатдан холи эмас. Чунки ижтиход эшиги ёпилганлигига хеч кимнинг хеч қандай далили йўқ. Тўғри, баъзи уламолар ўз замоналарида шариат ва ижтиход ишларида тутуруқсизлик авж олгани, ким кўринган ўз фикрини ўтказишга харакат қиладиган бўлиб кетгани учун хижрий учинчи асрнинг охирида “ижтиход эшиги ёпилган” деган гапни тарқатишган. Ва шу йўл билан хар хил ғаразгўйларнинг шариъатни ўйин қилишларига чек қўйишган. Лекин бу далилликка ярамайди. Аллоҳ таоло барча нарсага қодир зот. Унинг қудрати замон ёки маконга чекланмаган, хохласа Ўз динини қуввтлаш учун мужтахидларни юбориши мумкин. Шофиъий мазхабидаги машхур олим Хофиз Жалолиддин Суюутий, ҳанафийлардан аллома Абдулҳай Лакнавий ва бошқалар “Ижтиход эшиги ёпилган” деган фикрга қаттиқ қарши чиқишган ва бу ўта заиф қараш эканини таъкидлашган[3].
3. “Мутлақ мужтахид бўлмаган киши учун мужтахид олимлардан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий мсасалаларда мужтахид бўлса ҳам ўз ижтиходи ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиш керак бўлади”.
Бу йўналиш тарафдорлари кўпчилик уламоларни ташкил қилади. Уларнинг хужжатлари қуйидагича.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида бундай деб марҳамат қилади: “Бас, ўзингиз балмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”[4].
Ушбу оятга биноан “ҳаммага тақлид вожиб” деган гап ҳам, “ҳаммага ижтиход вожиб” деган гап ҳам тўғри эмаслиги чиқади[5]. Саҳобалар даврида ҳам улар бир-бирларидан турли масалаларни сўраб, билиб олар эдилар. Сўралувчи сахобалар савол сўраган саҳобаларга қарата “Ўзингиз ижтиход қилинг” – деб айтмаганлар. Бу холатни тобиинлар асрида ҳам кузатиш мумкин.
Бундан ташқари ижтиход қилишга хар ким ҳам қодир бўла олмасди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан хукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий ва нақлий билим ҳамда малакавий қувват лозим бўлади. Аллоҳ таоло бу малакани хаммага ҳам берган эмас.
Фиқҳий мазхаблардан бирига эргашишликнинг хукми хақида ўтган асримизнинг машхур ҳанафий олими Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эъло ус-сунан” номли китобларидан қуйидаги иқтибосни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. у зот жумладан шундай дейдилар: “Ҳақиқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазхабларидан қай бири бирор юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, омий – ижтиход даражасига етмаган – киши учун ўша мазхабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазхаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазхабига эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай холатда мазкур мазхабнинг барча хукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фахм этинг иншааллоҳ ҳақиқат бундан бошқада эмас”[6].
[1] Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин. "Ал-Усул мин илмил усул". Б 68
[2] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ”. –Б 521.
[3] Бу борада аллома Суютий алоҳида бир рисола ёзганлар. Қолаверса у зот ўзлари “мужтахиди мутлақ”ликни эълон қилганлар. Ўз навбатида аллома Лакнавий ҳам жуда кўп асарларида ҳанафий бўлиш билан бирга муқаллид эмасликларига ишора қиладилар. Бу у зот ҳам “мужтахиди мутлақ” эканликларига далолат қилади
[4] Нахл сураси, 43-оят
[5] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ” - Б 522
[6] Шайҳ Зафар Аҳмад Усмоний. “Эъло ус-сунан”. 19 жуз – Б 277
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси