Абу Муҳаммад ал-Бағавий ва у зотнинг «Масобиҳ ас-Сунна» асари
"Масобиҳ ас-сунна" асрининг муаллифи Абу Муҳаммад ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ) бўлиб, унинг тўлик исми Имом ал-хофиз Шайх ул-Ислом Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ал-Фарро ал-Бағавийдир. У ислом динидаги муқаддас китоб Қуръони Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари устида кўп изланишлар олиб борган, уларни ўрганиш ва улар тўғрисида асарлар ёзиш билан машғул бўлган олимлардан биридир. У (436/1044) йил Бушур шаҳрида туғилган бўлиб, унга берилган ал-Бағавий нисбати қиёсий эмасдир.
Маълумотларга кўра, аҳли илм, муҳаддис ва факиҳлардан кўплаб етиштириб чиқарган ушбу шаҳарнинг номланиши Бағ бўлиб, у Хуросон давлатлари ичидаги Марв ва Ҳирот шаҳарлари ўртасида жойлашган. Ал-Фарра лақаби уни йилқилар боққанлиги ва уларни сотиш билан машғул бўлганлигига нисбат қилиб берилган.
Олимнинг ёшлиги шофеъийлар мазҳаби намоёндалари ва уни илмий тадқиқ қилувчи шахслар орасида ўтди ва улардан таълим олди. У шофеъийлик мазҳабида таҳсинга сазовор фаолият юритиб, "ат-Тахбиз" номли китобини ёзади. Шунингдек, ўз даъватларида инсонларни кўпроқ диннинг асосини ташкил қилувчи икки нарса, Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишликка даъват этади.
Абу Муҳаммад ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ) фиқҳ ва бошқа диний соҳадаги билимларни Хуросонда ўз замонасининг машҳур шайхларидан ўрганди. Улар Имом ал-кабир Абу Али ал-Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Марвазий (ваф.462/1070), Абу Умар Абдулвоҳид ибн Аҳмад ибн Абу-л-Қосим ал-Малижий ал-Ҳаравий (ваф.463/1071), Абул Ҳасан Абдурраҳмон Муҳаммад ал-Довудий, Абу Бакр Ёкуб ибн Аҳмад ас-Сарфий, Абул Ҳасан Али ибн Юсуф ал-Жувайний (раҳматуллоҳи алайҳим) ва бошқалар.
Қадимги Хуросон давлатининг тарихий ривожланишида ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг илми, фазли ва қолдирган илм толиблари муҳим ўрин тутади. Даврининг йирик ва машҳур олимларидан таҳсил олиб етук мутахассис бўлиб етишган ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ўзи ҳам устозлари йўлидан юриб асарлар ёзиш ва толибларга дарс бериш билан шуғулланади. У таълим берган толиблар сирасига Абу-л- Мусо ал-Мадиний, Абу ан-Нажиб ал-Харвардий, Абул Футух ат-Тоий (ваф. 555/1160), Абу Мансур ал-Маъруф (раҳматуллоҳи алайҳим) ва бошқаларни киритишимиз мумкин.
Ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг "Масобиҳ ас-сунна" дан ташқари, бизга маълум бўлган ва ишончли тафсир манбаларидан бири ҳисобланмиш "Маъолим ат-танзил фи ат-тафсир ва ат-таъвил" асари, шунингдек, "ат-Таҳзиб фи-л-фиқҳ", "Шарҳ ас-сунна фи-л-ҳадис ва-л-фиқҳ" ва бошқа кўплаб асарлари мавжуд.
Абу Муҳаммад ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ) илм йўлида ўз салафлари изидан бориб, йиртиқ-ямоқ кийим кийган ҳолда зоҳидлик ва обидликда ижод қилди.
Олим ўзининг "Масобиҳ ас-сунна" асари ҳақида гапириб, шундай дейди: "Бу китобда баён қилинган сўзлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламда пайғамбарлик даврининг бошланишидан ва у зотнинг феъл-атворлари, юриш-туришлари ва сўзлаган нутқлари ҳақида бўлиб, улар тақво меҳробидан чиққан зулмат чироқларидир.
Дин пешволари таъкидлаганларидек, муҳаддислар ҳадисларни мусулмонларга тоат-ибодатда ёрдам бўлиши учун Аллоҳ таолонинг каломидан кейин иккинчи ўринда турувчи манба сифатида жамлаганлар. Уларнинг (ҳадисларнинг) кўплари ишончли олимлардан ишончли одамларга ўтиб келганлиги учун саҳиҳдир, бирок, уларнинг айримлари иснодларнинг тўғрилиги ва даражасини буюклиги Икки шайх (Имом Бухорий ва Абу Муслим раҳматуллоҳи алайҳим) шартларини барчасига ҳам жавоб беравермайди.
Мен бу китобга жамламоқчи бўлган ҳадисларни Аллоҳдан кўмак сўраган ҳолда уларни ўртасидан иккига ажратдим, ҳамда бемаъни ва ёлғондан иборат сўзлар зикр қилинганларидан бутунлай юз бурдим.
Китобдаги ҳадислар сони 4719 тани ташкил этади. Улардан Имом ал-Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинганларни 375 та, у билан келишилган ҳолдагилари эса 1051 тани ташкил этади, қолган ҳадислар бошқа китоблардан ва уламоларнинг нақлларидан иснод шартларига жиддий таянган ҳолда жамланган ҳадислардан иборатдир".
Айрим уламолар китобни ўқишга, унга таълиқ ва шарҳлар ёзишга эътибор қаратганлар, баъзилар эса уни ўзларини соҳалари бўйича муҳим қўлланма, деб қабул қилганлар. Ушбу китобга бир қанча олимлар шарҳлар ёзганлар, улар сирасига VI асрда яшаб ўтганлари: Имом Носириддин Абдуллох ибн Умар ал-Байзовийнинг (ваф. 685/1286 ) "Туҳфат-ул-Аброр" асари, Шаҳобиддин Фазлуллоҳ ибн Ҳусайн ат-Турбаштийал-Ҳанафийнинг "Муяссар" асари ва бошқаларни киритишимиз мумкин. "Масобиҳ ас-сунна" асарига ёзилган шарҳларнинг ичида энг машҳур ва кўпчиликка маълуми Хатиб ат-Табризий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг "Мишкот ал-масобиҳ" асаридир.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси