Ўтганларга тиловат, дуо ва савобли амалларни етиб туриши
Дунёдан ўтиб кетганларни йўқлаб туришнинг бир воситаси улар номидан хайр-эҳсонлар қилиш, Қуръон тиловат қилиб, руҳларига бағишлашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўлганларингизнинг яхши хислатларини эсланглар, уларнинг ёмонликларини гапиришдан тилингизни тийинг!”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
Аҳли суннат ва жамоат таълимоти шуки, ўтганлар руҳига бағишланган тиловатлар ва хайр-эҳсонлар уларга фойда беради ва савоблар етиб боради. Бунга Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақоид ан-насафия” асаридаги: “Тирикларнинг ўликлар учун қилган дуо ва садақаларида улар учун фойда бордир. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади ва ҳожатларни раво қилади”, деган қоидани келтириш мумкин. Таниқли ҳанафий олими Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъ ул-амолий” номли мотуридийлик ақидасига бағишланган қасидасида бундай дейилган:
و للدعوات تأثير بليغ، و قد ينفيه أصحاب الضلال
“Дуоларда етук таъсир бор, уни залолатдаги одамларгина инкор қиладилар”.
Хуллас, аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган уламоларнинг барчаси ўтганларга бағишлаб қилинган хайр-эҳсон ва дуолар уларга етиб бориши борасида иттифоқ қилганлар.
Ҳаётдаги инсонларнинг савобли ишлари ўтганлар руҳига бағишланганда, савоб етиб бормайди, дегувчиларнинг ақлий далиллари дуо қазони, яъни тақдирни ўзгартира олмайди, дейишларидир. Ҳолбуки, тақдирга мувофиқ қилинган дуо қазо-қадарни ўзгартириши, умрни узайтириши, бало-офатларни ҳам қайтара олиши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ томонидан “ал-Жомеъ ас-сағир” асарларида: الدعاء يردّ البلاء– “Дуо балони қайтаради”, деган ҳадис ривоят қилинган. Айнан ўтганлар руҳига атаб дуо қилишни эса бизга Қуръони карим ўргатган. Унда қуйидаги ояти карима мавжуд:
وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр, 10).
Хулоса қилиб айтганда, мўътабар манбаларда Қуръон тиловат, дуо қилиш умумий тарзда рухсат берилган, тарғиб қилинган ишлардандир. Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий йўриқлар шуни кўрсатади. Шунга кўра, Қуръон тиловат, дуо қилиб, савобини ўтган ота-она ва бошқа яқинларга бағишлаш улуғ савобли амаллардандир.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ