Яратилиш санаси 25.06.2022

Саждаи саҳвга доир ҳукмлар

Маълумки саждаи саҳв борасида Қуръонда бирорта оят келмаган, лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида бир неча ўринларда ўзлари амал қилиб кўрсатганликлари ва унутиб хато қилган кишини саждаи саҳвга буюрганликлари ҳақида кўп ривоятлар келган.

عن أبى هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: إن أحدكم إذا قام يصلى جاءه الشيطان فلبس عتيه حتى لا يدري كم صلى فإذا وجد ذلك فليسجد سجدتين و هو جالس (رواه الخمسة).[1]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирортангиз қачон шундоқ ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин” дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).

Мазкур ҳадисда,Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қанча намоз ўқиганини билмаган кишини қаъдага ўтирган ҳолида саждаи саҳв қилишга буюрмоқдалар.

عن عبدالله بن مسعود رضي الله عنه قال صلى بنا النبي صلى الله عليه وسلم الظهر خمسا 
قيل له أزيد في الصلاة؟ فقالو ما ذاك؟ قيل صليت خمسا فسجد سجدتين بعد ما سلم

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан пешин намозини беш ракъат ўқидик. Бас у кишига “намозда зиёда бўлдими”? дейилди. “Нима учун”? дедилар. “Беш ракъат ўқидингиз” дедилар. Шунда саломдан кейин икки марта сажда қилдилар.[2]

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг наздларида саждаи саҳв қўйидагича бўлади: Агар намоз икки ракъатли бўлса, қаъдада “Аттаҳийёт” ни ўқиб салом беради. Сўнгра унутиб қилган хатоси учун икки марта сажда қилади ва яна “Аттаҳийёт” ўқийди, саловот ва дуони ўқиб икки томонга салом беради шунда намози тўғри бўлади.

Агар уч ёки тўрт ракъатли намоз бўлса, охирги қаъдада “Аттаҳийёт” ни ўқигандан сўнг салом беради ва унутиб қилган хатоси учун икки марта сажда қилиб яна “Аттаҳийёт” ни ўқийди, саловот ва дуони ўқиб икки томонга салом беради шунда намози тўғри бўлади.[3]


[1] Муаллифлар жамоаси. Мавсуъатул фиқҳия.Ж. 1992. Кувайт. Ж. 24. Б. 214. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Шарқ.2008. Ж. 1. 
Б-- 414. Зафар Аҳмад Таҳонавий. Иълоус Сунан. Байрут. Дамақ 2001. Ж. 5.  Б-- 213.

[2]Муаллифлар жамоаси. Мавсуъатул фиқҳия.Ж. 1992. Кувайт. Ж. 24. Б-- 214. Зафар Аҳмад Таҳонавий. Иълоус Сунан. Байрут Димашқ. Ж. 5.  Б-- 213. Абу Ийсо Муҳаммад ат Термизий. Сунани Термизий. М Кенжабек. Таржимаси 2010 ТошкентБ--.273.

[2] Асъад Муҳаммад Саъийд ас Соғуржий. Фиқҳ ул ҳанафий.2005.Байрут.Ж.1.Б—244.

[3]Ҳожи Аҳмаджон Махдум Ҳанафий Нақшбандий. Рисолаи сужуди саҳв. Мирзо Кенжабек.. Адолат.2004Б--18.

Муаллифлар жамоаси. Мавсуъатул фиқҳия.Ж. 1992. Кувайт. Ж. 24. Б. 215.

 

Шодиев Юсуфхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси