Яратилиш санаси 04.07.2022

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ

Маълумки, Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан байрам қилинади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатлари ичида қурбонлик қилиш ҳам бор. Бунинг устига ҳаж қилмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга ҳам қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради. 

Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир. 

Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади. 

Аллох Таоло  ояти каримада шундай баён қилинган: 

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ  

(سورة الكوثر/2).

яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят). 

Демак, қурбонлик фақатгина Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун, Унинг розилигини қозониш учун қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган улкан ажрларга муҳтождир. 

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Қурбон ҳайити куни одамзот қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилолмас. Албатта, у ҳайвонлар Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Шундай экан уни чин кўнгилдан қилингиз” (Имом Термизий ривоятлари)

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади. 

Қурбонлик гўштидан унинг эгаси ейиши, бойу камбағалларга едириши ва сақлаб қўйиши жоиз. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

“Сизларни қурбонлик гўштларини уч кундан кейин ейишдан қайтарган эдим, энди истаганча еяверинглар...”, – деб марҳамат қилганлар. (Имом Табароний, “Ал- Мўъжам ас-сағир”)

Мана шундай фазилатли амал – қурбонлик қилганимизда ота-она, опа-сингил, ака-ука, қариндошлар, қўни қўшнилар ва маҳалламиздаги камбағал оилаларга ширин сўз айтиш ва эҳсон қилишни унутмайлик. Зеро, динимизда ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик солиш Аллоҳ таолога энг севимли ишлардандир!

Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолиш керак. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради...”, – деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни фазилатли аёмларга саломат етказсин! Қурбонлик ва шу каби ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

Абдулазиз Бобамирзаев