Яратилиш санаси 06.07.2022

АМАЛДА ИХЛОС БЎЛИШИ

Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» деган маъноларни англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга худди У Зотни кўриб тургандек ибодат қилишдир.

Дарҳақиқат, динимизда ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига бирор нарсани шерик қилмай, ихлос билан бажаришга тарғиб қилинган.

Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади.

Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, мана бундай дейди:

وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ

яъни: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо сураси 125-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

قالَ اللَّهُ تَبارَكَ وتَعالَى: أنَا أغْنَى الشُّرَكاءِ عَنِ الشِّرْكِ، مَن عَمِلَ عَمَلًا أَشْرَكَ فِيه مَعِي غَيرِي، تَرَكْتُهُ وشِرْكَهُ

яъни: “Аллоҳ таборака ва таоло айтди: “Мен – шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман! Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман” (Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда ихлоссиз ўрганилган илмнинг зарари ҳақида бундай дейилган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:

مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ لاَ يَتَعَلَّمُهُ إِلاَّ لِيُصِيْبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا،  لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَّنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ (رواه الإمام أبو داود)

яъни: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига – гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам – ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг – гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да – гуноҳларини кечиради.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамлар сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса – ҳалокатга юз тутади.

Абдураҳмонов Муҳаммадхон 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси