Яратилиш санаси 30.07.2022

Муҳаррам ойи

Муҳаррам ойи ҳижрий йилнинг биринчи ойидир. Маълумки, инсоният ҳаёти давомида бевосита тақвимга эҳтиёж сезади. Тарихий воқеаларни аниқлашда, келажакдаги ишларни режалаштиришда тақвимга мурожаат қилинади, албатта.

Ислом дини келишидан олдин араблар йиллар ҳисобини тарихда бўлиб ўтган бирор муҳим воқеага боғлаб олиб борар эдилар. Масалан, Абраҳанинг Қаъбага филлар билан қилган юриши муносабати билан номланган “Фил йили” маълум вақт йил боши сифатида фойдаланилган. Ҳатто, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ нинг таваллуд саналарини аниқлашда Фил йили билан боғланганлиги тарих китобларида зикр этилган. Ислом дини келгандан кейин ҳам мусулмонлар йил ҳисобларини шу зайлда олиб боришда давом этдилар. Масалан, вабо тарқаган йилни Вабо йили, қурғоқчилик бўлган йилни Рамода (кул) йили, деб номлаб, йил саналарини шу вақтларга нисбатан аниқлар эдилар.

Ҳазрати Умар رضي الله عنه даврларига келиб Ислом диёри кенгайиши муносабати билан турли воқеа ва ҳодисаларнинг тарихини қайд этиб бориш, ўзаро ёзишмалар ва расмий хатларда саналарни қайд қилишда муаммоларга дуч келинди ва бу ҳолат ўз навбатида мунтазам тақвим жорий қилишни тақозо этди. Муаммони ўз вақтида англаб етган Ҳазрати Умар رضي الله عنه зудлик билан уламоларни жамладилар ва ўртага мусулмон тақвимини жорий этиш ва уни қайси санадан бошлаш маъқул эканлиги масаласини қўйдилар. Барчанинг фикри эшитиб кўрилгач, ниҳоят Ҳазрати Али رضي الله عنه нинг мусулмон тақвимини Пайғамбар ﷺ нинг ҳижрат қилган йилларидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақидаги фикрлари бир овоздан маъқулланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон رضي الله عنه нинг Муҳаррам ойини мусулмон тақвимининг биринчи ойи бўлиб қолиши ҳақидаги таклифлари инобатга олинди.

Ортиқов Абубакр 

Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабаси