Ҳалол луқма
Аллоҳ таоло бандаларга бу дунёни имтиҳон майдони қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун Ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг бадалига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг учун бизлар, муҳтарам жамоат, берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳаром ризқнинг фарқига бориб, покиза хўрокдан тановвул қилайлик. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида марҳамат қилиб айтади:
يا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُلُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُواْ لِلّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، أَنّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:طَلَبُ الْحَلالِ فَرِيضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ.
“Ҳалол ризқни талаб қилишлик фарз амалларидан кейин турувчи фарздир”.
Дарҳақиқат, азизлар, ҳар бир банда мўмин ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб билиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб билиши фарз.
Одам а.с. деҳқончилик, Нуҳ а.с. ва Закариё а.с. дурадгорлик, Идрис а.с. хаттотлик, Иброҳим а.с. баззоз бўлганлар, яъни газлама савдогари, Довуд а.с. темирчилик, Шуайб а.с. чўпонлик, Сулаймон а.с. сават тўқиганлар, Ийсо а.с. табиблик, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. тижорат қилганлар.
Алиййул Ҳаввос р.а. дейдилар: “Ҳаром еб ибодат қилган кимса, айниган тухумни босиб ётган кабутарга ўхшайди. Айниган тухум босган кабутар нафсини қийнасада, аммо бирорта полопон чиқара олмайди.
Ҳаром ейишнинг зарарларидан бири: ҳаром оловга айланади, фикрлаш қобилиятини, зикр лаззатини кеткизади, ихлосни куйдиради, қалб кўзини кўр қилади, ҳикмат ва маърифатуллоҳ ҳаловатидан тўсиб қўяди, ғафлат ва унутиш балосига гирифтор қилади, банданинг гуноҳ қилишига асосий сабаб ҳам ҳаром ёйишидадир, иймонни заифлаштириб бораверади-да, охир оқибат иймондан айиради”. Аллоҳ луқмаларимизни халол тойибдан қилсин.
Муҳаммад Нажмиддинов,
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ходими