СОХТА САЛАФИЙЛАР КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Барчага маълумки ҳар бир мўмин-мусулмонликни даъво қилувчи киши учун Ислом тарихини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини мукаммал билмоғи лозим. Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мазҳабга эргашиш деган тушунча бўлмаган. Агар Саҳобалар бирор-бир оят ёки ҳадиси шариф ҳусусида ихтилоф қилиб қолсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шундай ихтилофларга барҳам берар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, илми, имконият доираси кучлилиги билан ажралган саҳобалардан фатво сўрашлик ва даврлар ўтиши билан саҳобалардан кейин тобеъинлар даврида баланд даражаларга етган улуғ мужтаҳид уламолар етишиб чиқди.
Аммо уларнинг сони озлиги сабабли қолаверса омма халқнинг барчалари ана шундай мужтаҳидлик даражасига етиша олмаслиги натижасида анашу мужтаҳидларга эргашмоқликдан ўзга чора қолмаган эди. Кўриниб турибдики мазҳабнинг келиб чиқиши ва унинг кенг тарқалиши зарурий ҳолат бўлган. Бироқ, охирги асрларда мазҳабни қораловчи, мазҳаббошчи уламоларни ҳар-хил ёмон сўзлар билан хақоратловчи ва мазҳабга эргашган тўғри йўлдаги мусулмонларни танқид қилувчи тоифалар пайдо бўлди. Натижада анашундай мазҳабсизлар уммат орасида тинчлик ва ҳотиржамликни барбод қилиб, уларнинг орасига тафриқа солишди. Уларнинг даъволарини яхши билишлик ва уларга қарши раддия билдира олишлик бугунги кунда ислом оламидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди.
Аслида, Исломнинг олий мақсадларидан бири ҳам шу-тарқоқ ва ўзаро адоватга берилган умматни бирлаштириш, дўстлаштириш эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Барчаларингиз Аллоҳнинг арконини маҳкам ушланглар, айрилманглар. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тариқа баён этади. Шоядки ҳидоят топсангиз”.
Исломдан аввал бу уммат ўзаро адоват ва душманчиликка берилган, худди оловли жар ёқасига келиб қолган, аянчли оқибат кутиб турган пароканда ҳолда эди. Лекин Ислом бу умматни бирлаштирди. Аллоҳнинг фазли ила улар бир-бирлари билан дўсту биродар бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайи ва саллам атрофларида жамланишди. Саҳобалар бир-бирларига меҳрибон, самимий инсонлар эди. Исломий тарбияси уларни худди ака-укадек яқин қилди. Ўзлари учун раво кўрган хар турли яхшиликни бир-бирларига илинар эдилар. Уларнинг орасида бир-бирларини залолат ва кофирликда айблайдиганлари йўқ эди.
ХХ – ХХИ асрларга келиб турли хил диний оқимлар сони кўпайиб кетдики, бизнинг тинч ва осуда диёримизда ҳам унинг салбий таъсири бироз кучайди. Бунинг олди олинмаса, ёшларимизнинг онгини заҳарлашни мақсад қилган ғанимларимиз уларнинг тарбиясида ушбу оқимлар таъсирини кучайтириш, маънавий ва маърифий, ғоявий курашни амалга оширишга тинмай уринмоқдалар. Биз бугун ана шундай диний оқимлардан бири бўлган сохта салафийлик ҳақида тўхталиб, бу оқимнинг мақсад, ғоя ва иддаоларини, бошқача қилиб айтганда, асл башарасини очиб ўрганишга харакат қиламиз.
Сохта салафийлик – Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч даврига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Луғавий маъноси ҳам “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маънони беради.
Иддаолари: “Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж каби 5 та фарздан ташқари жиҳод – олтинчи фарз ва ҳар бир мусулмон учун фарзи айн” дир деганлар.
Раддия: Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж исломнинг 5 та аркони ҳисобланади. Ундан бирор нарса олиш ёки қўшишга фақат Аллоҳ ва унинг Расули ҳақлидир. Шулардан закот ва ҳаж қодир бўлганларга фарзи айн ёки қодир бўлмаганларнинг зиммасидан соқит бўлади.
Хўш, Сохта салафийларга кимлар эргашади?! Албатта, билимсиз, онгида бўшлиқ пайдо бўлган одамлар, айниқса, ёшлар эргашади. Кўп миллатли юртимизда ақидапарастликка қарши кескин ва оммавий мафкуравий кураш олиб борилмоқда. Шундай экан, биз ёшларимизни ҳар томонлама баркамол, эл-юрт иши учун фидойи, чин ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг онгида ёт ва заҳарли ғояларга жой қолдирмаслик, уларни фойдали ишларга жалб этиш каби хайрли ишларни, тадбирларни амалга оширсак, юртимиз келажаги бўлган фарзандларимиз бизлардан кўра ҳам бахтли ва саодатли бўлади десак адашмаган бўламиз.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ