Кийинишда урфга риоя қилиш
Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди. Кийим инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунё қарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ ва совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ҳамда кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таъало шундай мархамат қилади: “Эй одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси бу яхшироқдир. Бу (лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!”. (Аъроф сураси 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таъало инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган турлик либосларни бичиш-тикиш, тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилди” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда. Бугунги кунда жамиятимиз аъзолари орасида кийиниш маданиятига бўлган талаб кескин ўзгарараётганини кўриш мумкин. Бу мавзулар асосан ёшлар учун эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турлик рангларда товланиб кўзни қамаштирувчи атласу-адраслар нозик хилқат вакилаларининг кўркига-кўрк қўшишида катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғилларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутган. Лекин бугунги кунга келиб, маданий ва миллий қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам маълум бир маънода ўз таъсирини ўтказаётгани жуда ачинарликдир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турлик ёзувлар акс этган кийимларни кўриб ёқа ушлайса киши. Айниқса айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таъажжубга солиши шубҳасиз. Маданияти тўғри шаклланмаган ёшлар орасида турли ҳил чет мамлакатларга тақлид қилишининг авж олганлиги, оқибатда ўз миллийлигимизнинг қадрсизланиб бораётгани ачинарлик ҳол албатта. Айрим ёшларнинг кийиб юрган кийимлари хатто ҳеч қандай маданиятга тўғри келмайди. Кийиниш маданияти муҳимлиги борасида буюк мутафаккир ва алломалар ҳам ўз асарларида турлик фикр мулоҳазаларини баён этишган.
Абу Ҳомид Ғаззолий “Қалб ажойиботлари” номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшиклардан бири эканини ёзган бўлса, Шайх Шаъбий эса ахмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий дейишади.
Жумладан сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий хазратлари “Маҳбубул-қулуб” асарида “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши, хотинларнинг оройиш учун безаниши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таъкидлаб ўтган. Шунинг учун ҳар бир фарзандни тарбиялаб, вояга етказаётган ота-она ўз фарзандининг тарбияси ва кийинишига бўлган эътибори муҳим аҳамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланибгина қолмай балки, охиратда жавогарликка ҳам тортилади. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус
ислом билим юрти ходими