Яратилиш санаси 26.05.2021

АХЛОҚ ЎЗГАРУВЧИДИР

   Имом Ғаззолий ҳазратлари дейдилар: агар ахлоқ ўзгармайдиган нарса бўлса, у ҳолда тавсиялар, панд насиҳатлар ва тарбияларнинг барчаси бекор ишлар экан-да?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Хулқларингизни чиройли қилинг!” Ёввойи табиатли лочин овчининг тинимсиз ва тоқат билан олиб борган тарбияси туфайли қўлга ўрганиб, ювош ва мулойим бўлади. Очкўз ит тарбия қилингач, ўлжани олиб келадиган, қанча машаққатлар билан олиб келган бу ўлжани эгасининг бир ишораси билан қўйиб юборадиган даражага етади. Асов от жиловга ўрганади. Ҳайвонларнинг  хулқини ўзгартириш мумкину, наҳот одамзоднинг хулқини ўзгартириб бўлмаса?!

  Буни шундай изоҳлаш мумкин: тўлиқ ва нотугаллиги жиҳатидан мавжудотлар икки хил бўлади. Инсон ва унинг аъзолари тугал яратилган. Шунингдек, ҳайвонот олами, қуёш, юлдуз, ой каби самовий жисмлар ҳам тугал ва комил яратилган. Яна шундай нарсалар борки, уларнинг мавжудлиги ҳали тугалланиб охирига етмаган. Шарт-шароит пайдо бўлиши билан бу нарсалар ўзидаги яширин қувват таъсирида ривожланиб, комил суратга киради. Шарт-шароит баъзан банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлади. Масалан, уруғ олма эмас, хурмо ҳам эмас, балки ўзи қандай бўлса, шундай яратилган хилқат. Лекин бу уруғни тарбияласа, хурмога айланиши мумкин. Ёки аксинча, қандайдир уруғни экдингиз, қанча тарбия қилдингиз – унмади, масалан, олмага айланмади. Демак, уруғ маълум таъсир остида баъзи ўзгаришни қабул қилиб, баъзисини қабул қилмаслиги ҳам мумкин экан. Агар биз ғазаб ва шаҳватни буткул сўндириб, уларнинг таъсиридан тўлиқ халос бўлишни хоҳласак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Агар уларни жиловлашни, бўйсундиришни хоҳласак ва бу йўлда озгина риёзат ва машаққат чексак, албатта бунинг уддасидан чиқамиз. Аслида биз бунга буюрилганмиз ва бу бизнинг нажот топишимизга, Аллоҳ таолога етишишимизга сабаб бўлади. Соддароқ мисолларга мурожаат қилсак, майхўр атрофидагиларнинг яхши тарбияси, насиҳатлари туфайли бу иллатдан қутилади. Бузуқликни одат қилган эса фахшдан юз ўгиради. Бахиллик кулбасидан қутилган одам эса саховат саройига ўтади. Иғвогар иғволарини бас қилади. Ҳатто энг разил хасталиклардан ҳисобланган ҳасад ва ғийбатдан тўла бўлмаса-да, қутулиш мумкин.

   Тирик одамнинг нон топиш мақсадидаги ҳаракати сўнмагани каби гўзал хулқни эгаллашга бўлган интилиши тўхтамаслиги шарт. Улуғлар- “Бешикдан то лаҳадга қадар илм эгалланг!” дейишларини хулқ эгаллашга нисбатан ҳам англасак бўлади. Одамнинг ёши улғайиб, ҳаёт тажрибаларига эга бўлгандан сўнг ҳам бу интилишни тўхтатмаслиги керак. Бу ёшда унинг масъулияти икки карра ортади. Биринчидан, у зурриётларини ва атрофидаги бошқа ёшларни тарбия қилиши керак. Иккинчидан, ўзини ўзи тарбиялашни давом эттириши зарур. Мана шу юмушда Аллоҳдан барчаларимизга собитлик, бардавомлик, ирода тилаб қоламиз.

Абдулбосит Луқмонжанов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси