ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ ВА МОТУРИДИЯ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ
“Мазҳаб” сўзи араб тилида “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Ҳанафий мазҳаби аҳли сунна вал жамоа йўналишининг тўрт фиқҳий мазҳаблари орасида асрлар оша эргашувчиларининг кўплиги, мустаҳкам асослари ва қулайлиги билан ажралиб туради.
Маълумки, саҳобалар ва тобеинлар давридаёқ фиқҳий мактаблар шакллана борган. Бу мактаблар муайян бир шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, мадиналиклар мазҳаби, маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Ўз навбатида, мазкур шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилганлар.
Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришга салоҳияти бор, етук олим) даражасидаги кўплаб шогирдлари ҳамроҳлигида ўз даврларида пайдо бўлган деярли барча фиқҳий масалаларни тизимли равишда ечимини топиб, ҳаттоки ҳали содир бўлмаган фаразий масалаларга ҳам ечим топганлар. Шу тариқа келажак авлодга жуда катта фиқҳий мерос хазинасини қолдирдилар.
Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин, Саид ибн Мусаййаблардек, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.
Мотуридия ақидаси асослари. Ақиданинг луғавий маъноси – бир нарсани ҳақ деб билиб, қалбда маҳкам тутмоқликдир. Ақиданинг ақоид илми истилоҳидаги маъноси эса, мусулмонлар ҳақ ва тўғри деб ишониб, эътиқод қиладиган масалалардир.
Расуллар умматларини, аввало, соф ақидага, яъни Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча сифатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этганлар.
Барча пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақидани қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва қалб ундан ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиздир. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади.
Дарҳақиқат, ақида бу - Исломнинг асосий пойдевори бўлиб, унинг саҳиҳ ва соғлом бўлиши ўта муҳимдир. Зеро, ақида бирлиги жамиятдаги бирликка сабаб бўлади, одамларнинг маслаклари ва ғоялари битта бўлгани учун ҳам ўзаро ихтилофга боришмайди.
Муқаддас Ислом динимиздаги ягона ва энг тўғри ақида бу – аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Зеро, кишининг ақидаси тўғри бўлса, унинг юрадиган йўли тўғри бўлади. Ақидаси тўғри бўлган одам яхшиликларнинг эшигини очувчи, ёмонликларнинг эшигини ёпгувчи калит сингаридир. Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз акидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи шунчалик кучли эдики, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. У зот ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.
Аммо кишининг ақидаси бузуқ бўлса, у қилган амалларнинг кўплиги унга фойда бермайди. Соғлом ақида билан бажарилган озгина амалнинг савоби бузуқ ақида билан бажарилган кўплаб амалларнинг савобидан устун бўлади. Зеро, улуғ алломаларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр: “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса елдур”, деб жуда ҳам тўғри айтган.
Ақидаси бузуқ кишилар ўзларини ҳақ йўлда деб биладилар. Бундай кимсаларнинг турмушлари ёмонлик, ҳар бир сўзлари жамият орасида фитна уруғи бўлиб сочилади, қаерга бормасинлар, ўзларидан албатта, бирон-бир ихтилоф қолдириб кетадилар.
Бугунги глобал замонда диний адабиётлар, интернет тармоқлари орқали турли хил ёт ғоя ва ақидалар аҳли сунна вал жамоа ақидаси номи остида тарғиб қилиб келинмоқда.
Ана шундай ёт ғоя ва ақидаларга алданиб қолишнинг олдини олиш мақсадида, аввало, аҳли сунна вал жамоа ақидаси билан яқиндан танишиб чиқамиз.
Уламолар томонидан нажот топувчи йўналиш бу аҳли сунна вал жамоа эканига иттифоқ қилинган “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашувчилар ва "вал жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Демак, “Аҳли сунна вал жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилардир. Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92,5 фоизи аҳли сунна вал жамоага мансубдир. Маълумки, Исломда эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳаблар бор. Булар: ҳанафийлик, шофеийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Динимизда эътироф этилган ақидавий йўналишлар эса иккитани ташкил этади. Булар ашъарийлик ва Мотуридийлик. Юқоридаги тўрт фиқҳий мазҳаблардан аввалги учтаси ашъарийлик мазҳабида бўлсалар, ҳанафийлик мазҳабидаги мусулмонлар мотуридийлик мазҳабига асосланадилар.
Мана шу икки йўналишдан бошқа ҳар қандай ақидавий йўналиш, номи ҳар қанча жарангдор бўлишидан қатъи назар, нотўғридир!
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус
ислом билим юрти ходими