Суннийлик моҳияти
Исломдаги йўналишлар сони тарихий манбаларда турлича берилган. Улардан асосий учтаси – суннийлик, хорижийлик ва шиалик ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Исломдаги йўналиш – деганда муайян эътиқодий масала асосидабирлашган мусулмонлар мажмуаси тушунилади. Масалан, суннийлик йўналиши суннат ва жамоат асосида, хорижийлик ажралиб чиқиш ва қаршилик кўрсатиш, шиалик эса Али (р.а.) ва унинг авлодларини ҳаддан ортиқ эъзозлаш асосида бирлашган. Аввало, суннийлик моҳияти баён этилади. Пайғамбардан нақл қилинган мусулмон умматининг 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги машҳур ҳадисда, фақат бир йўналиш – у зотнинг суннатларини маҳкам ушлаган ва саҳобалари йўлидан юрган кишиларгина нажот топиши баён қилинган. Уламолар нажот топувчи йўналиш бу “Аҳли сунна вал-жамоа” эканига иттифоқ қилганлар.
“Аҳли сунна” ибораси Муҳаммад (а.с.) суннатларига эргашувчиларни, “вал-жамоа” эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни билдиради. Демак, “аҳли сунна вал-жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилар деган маънони англатади.
Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92.5%и мазкур йўналишга мансубдир. “Аҳли сунна вал-жамоа” номини қисқартириб, “суннийлик йўналиши” деб ҳам юритилади. Ақида борасида мотуридия ёки ашъария таълимотига, фиқҳда эса тўрт мазҳаб: ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан бирига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик йўналишини ташкил қилади.
Шунингдек, чорёрларнинг барчасини қонуний халифа сифатида эътироф этиш ва олти ишончли ҳадислар тўпламларини тан олиш ҳам суннийликдаги асосий мезонлардан ҳисобланади. Бу йўналиш эътиқод борасида қуйидаги тамойилларга таянган:
1. Аллоҳнинг барча исмлари ва сифатларига.
2. Барча пайғамбарларга.
3. Фаришталарга.
4. Муқаддас китобларга.
5. Охират кунига.
6. Яхшилик ва ёмонлик тақдир этилишига.
7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишониш ва тил билан иқрор этиш.
8. Муҳаммад (а.с.)нинг суннатларига эргашиш.
9. Саҳобаларнинг барчасини бирдек ҳурмат қилиш.
10.Тобеинлар эҳтиромини ўрнига қўйиш.
11.Раҳбарларга итоат этиш.
12.Мусулмонларга оқибат кўрсатиш
13.Жамоадан, яъни кўпчиликдан айри бўлмаслик
14.Бирор инсонни кофирликда айблашга интилмаслик.
15.Ўзга дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик кўрсатиш.
16.Яхши ишларга тавсия этиш ва ёмон ишлардан қайтариш.
17.Савоб ишларга интилиш ва гуноҳ ишлардан қочиш.
18.Гуноҳга беэътибор бўлмаслик, аммо гуноҳкорни имонсизга чиқармаслик.
19.Бирор инсонга жаннатий деб шоҳидлик бермаслик ва бирор инсонни дўзахий деб гувоҳлик бермаслик.
20.Умид ва қўрқув мутаносиблигига риоя қилиш.
Абдулазиз Бобамирзаев