Яратилиш санаси 04.09.2022

Илм пайғамбарлардан қолган меросдир

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:أَنَا مَدِينَة الْعِلْمِ وَعَلِيٌّ بَابُهَا 

“Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”.Шу ҳадисни эшитиб, бир нечта хорижийлар ҳасад қилиб, улардан 10 таси ўзаро маслаҳатлашиб, улар айтдиларки: “Ўн киши танҳо-танҳо бориб бир масалани сўраймиз, агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммадни сўзлари ростлиги маълум бўлади ва Али олимлиги аниқланади, аммо бир хил жавоб берса демак ҳамма гап ёлғон бўлади”, деб имтиҳон қилмоқни маслаҳат қилдилар.

Биринчиси ҳазрати Али р.а. олдиларига келиб: “Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, деб савол берди. Ҳазрати Али к.в. дедилар:

Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо бойлик Қорун, Шаддод ва Фиръавн ва уларга ўхшаш кофирлардан қолган меросдир.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради иккинчиси.

Илм кишига ҳамма балолардан сақловчи қўрғондир, у сенга қўрғон бўлади, аммо бойликка эса сен ўзинг қўрғон бўласан.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради учинчиси.

Бой бўлган кишининг душмани кўп бўлур, илмлик зотнинг дўстлари бисёр бўлур.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўртинчиси.

 Бойликни сарф қилсанг камайиб кетаверади, аммо илмни сарф қилишинг сари кўпаяди.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради бешинчиси.

Бойлиги бўлган кишини бахиллик ва зиқналик сифати билан ёд қиладилар. Илмлик кишини эса улуғлик ва ҳурмат ила ёд қиладилар.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради олтинчиси.

Бойликни ўғридан эҳтиёт қилиш керак, аммо илмни эҳтиёт қилиш шарт эмас, чунки уни ўғри ололмайди.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради еттинчиси.

Бойлиги бор кишини қиёматда молининг ҳисоб китоб қилинади, аммо илмлик кишини илмидан ҳисоб олинмайди.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради саккизинчиси.

Бойлик кўп турса эскириб, чириб йўқ бўлиб кетади, аммо илм кўп турган сари қувват ҳосил қилади.
“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўққизинчиси.

Бойлик дегани қалбни қорайтириб, хира қилади. Илм дилни равшан ва мунаввар қилиб нурли қилади.
“Эй Али, илм афзалми бойлик а  фзалми”, сўради ўнинчиси.

Одамни моли кўп бўлса, унга  маст бўлиб, Фиръавндек даъвои Худолик қилади. Агар кишининг илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик ила бандалик қиладилар.
Шундан сўнгра хорижийлар ҳаммалари ҳазрати Алини олимликларига ва Пайғамбар алайҳи саломнинг ростгўйликларига иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Али к.в. уларга қараб: “Агар сизлар мени умрум тамом бўлгунча ушбу сўздан сўрасангизлар эди ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берардим”, дедилар.

Аллоҳ  таоло Пайғамбаримиз с.а.в.га нима дейди:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

“Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, панд-насиҳат мўминларга наф етказур” 
Аллоҳ таоло мана шу эшитилган Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг панду насиҳатлари бизларга наф берсин. 

Нажмиддинов Муҳаммадхон
"Ҳидоя" ўрта махсус
ислом билим юрти ходими