Яратилиш санаси 10.09.2022

Тинчликни ва хотиржамлик нақадар олий неъмат

Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”  У  “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг хаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.

Тарихда тинчликни бузилишига аксар холларда жамиятни диёнатдан узоқлашгани, Маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб,ёш авлодни юксак манавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз зарур.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида хадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида  бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор қилинг, пайғамбаримз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида ўта муҳим бўлган уч нарсани эслатяптилар: тинчлик, саломатлик ва моддий таминот. Аллоҳ Таолога хамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.

Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўзбек халқининг “бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шавқат каби фазилатлар билан йўғирилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”.  Албатта юртни равнақи тинчлик ва хотиржамликга боғлиқ, Тинчлик бўлса хурсандчилик бўлади.

Мадмусаев Содиқжон

“Ҳидоя“ ўрта махсус ислом билим юрти 
Ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари