Яратилиш санаси 15.09.2022

Исломда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик масаласи

Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. 

Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқдалар. 

Маълумки, Исломда  миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар.

Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: 

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят). 

Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Мана шу нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. 

Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликда ҳам барчага намуна бўлганлар. Қуйида У зотнинг муборак тарихларидан бағрикенгликларига оид баъзи маълумотларни келтирамиз:

Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Расулуллоҳга заҳар солинган қўй гўшти берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин Расуллуллоҳ алайҳиссалом қасос олишга қодир бўла туриб уни кечириб юбордилар. Чунки У зот алайҳиссалом ўзлари учун ўч олмасдилар.

Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат саҳобаи киромларга жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуоибад қилсангиз-чи?” дейишгача бордилар. Шунда У зот: 

 “Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, –  дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Бағрикенгликни қаранкки, шунча озор берган одамлар ҳаққига дуои хайр қиляптилар. Ваҳоланки, дуолари ижобат эди. Нимани сўрасалар Аллоҳ берадиган Зот эдилар. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:  

 “У инсон эмасми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари). 

Демак, биз инсонлик ҳурмати сабабли барча билан яхши муносабатда бўлишимиз керак бўлади.

Расулуллоҳ вафотларидан олдин бир ғайридиндан буғдойни қарзга олиб, гаровга совутларини берганлар. Аслида Расулулллоҳ алайҳиссалом саҳобаи киромлардан ҳам буғдойни сўрасалар бўлар эди. Улар бир пасда муҳайё қилишар эди. Чунки саҳобаи киромлар “Жонимиз фидо,  Эй Расулуллоҳ!” – деб турар эдилар. Расулуллоҳнинг мана шу муомалаларини ўзи ҳам биз умматларга  катта дарс бўлган. Бир жамиятда, бир маҳаллада нафас олиб турганимиздан кейин, ўзга дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишимизга ишора қилганлар. 

Демак, биз суюкли Пайғамбаримизга ҳар қадамда эргашишга ҳаракат қилар эканмиз, бағрикенгликда ҳам У зоти шарифдан ўрнак ва андоза олишимиз даркор. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар нафақат бир-бирларига балки, ўзга дин вакиларига ҳам яхши муомала ва муносабатда бўлиб, Ислом динини гўзаллигини намоён қилишлари керак.

Тарихдан маълумки, машҳур тобиъинлардан Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ адолатда “Иккинчи Умар” деган унвонга сазовор бўлганлар. Бу кишини адолатларини васфлашга тил ожизлик қилади. Бунга тарих гувоҳ. Умар ибн Абдулазиз раҳбарлик давларида Сурия пойтахти Дамашқда бир масжид кенгайтириладиган бўлди. Умар ибн Абдулазиздан олдинги халифа масжидни кенгайтириш учун масжид олдидаги насронийлар ибодатхонасининг бир қисмини қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилган экан. Шу қарорга мувофиқ мусулмонлар насронийлар ибодатхонасини бузиб, масжидга қўшмоқчи бўлди. Шунда, насронийлар томонидан Умар ибн Абдулазизга “Бизни ибодатхонамизнинг бир қисмини бузиб, масжидга қўшиб олишмоқчи, деган маънода шикоят хати келди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Масжидга қўшиш учун қанча жой бузилган бўлса, шуни қайтариб бериб, бузилган жойни қайта қуриб қўйилсин”, деган маънода жавоб хати ёздилар. Дамашқнинг баъзи уламоларига бу ёқмади. Уларниг вакиллари бу қарордан қайтишни илтимос қилиб келишди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Яхши келдингиз. Мен қарорда бир нарсани ёзишни унутибман. Шуни ёзишимга туртки бўлдингиз, унутган нарсам: қайтариб берадиган куннинг санасини ёзмапман”, – деб, қарорни янгилаб ва мустаҳкамроқ қилиб юбордилар.

Насритдинов Ривожиддин 

билим юрти маънавий-маърифий ишлари
бўйича мудир ўринбосари