Яратилиш санаси 28.05.2021

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ – ФАРЗАНДЛАР ВАЗИФАСИДИР

Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилган қонун шуки, одам болаларининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу – илоҳий бир тақдир. Шундай экан, ҳар бир шахс бу илоҳий қисматга рози бўлиб, ота-онасига чиройли муомала қилиши, уларнинг розилигини олиши ва итоат қилиши шартдир. Ота-онага яхшилик қилишнинг зарурлиги ва фазилати Қуръони каримда ҳам бот-бот такрорланган.

Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири – ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!...” (Бақара сураси 215-оят).

Кўриб турганимиздек эҳсон қилинувчилар рўйхатининг бошида ота-она зикр қилинган. Шунинг учун ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа-таъминоти болаларнинг зиммасидадир. Ота-онани қаровсиз қолдирган фарзандлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.

Ота-онага яхшилик қилиш Қуръони каримда Аллоҳ таолога ибодат қилиш, унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик билан бирга зикр қилинган. Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси 36-оят).

Қуйидаги оятда эса ота-онага муомала қилишнинг жуда чиройли услуби зикр қилинган, ҳатто уларнинг ҳаққига қандай дуо қилишни ҳам таълим берган:

 “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!. Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”” (Исро сураси 23-24-оятлар).

 “Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон”, “онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини ниҳоятда ҳокисор тутиш кабиларни тушиниш керак.

Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

  “Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса – ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.

Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу икки кишини кўриб қолдилар ва улардан бирига: “Бу киши сизга ким бўладилар?” – деб сўрадилар. У: “Бу киши отам бўлади”, – деди. Абу Ҳурайра: “Ундай бўлса, у кишини номини айтиб чақирманг, олдида юрманг, у кишидан аввал ўтирманг”, – деб насиҳат қилдилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси ҳам – мустажоб дуолардандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:   

 “Учта дуо борки, улар шаксиз мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота (она)нинг фарзанди зарарига қилган дуоси” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).      

Ота-онага оқ бўлиш, турли озорлар бериш ва уларни қаровсиз қолдириш – катта гуноҳлардандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:

 “Ота-онани йиғиси – оқ бўлиш ва катта гуноҳдир” (Имом Бухорий ривоятлари). Фарзандлар билиб-билмай ота-онасини йиғлатган, хафа қилган бўлсалар, ҳеч кечиктирмасдан Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилиб, ота-оналаридан кечирим сўраб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишлари керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом киши ота-онасини ўзи билмаган ҳолатда ҳақоратлаб қўйишидан огоҳлантирдилар:

 “Киши ота-онасини сўкиши – катта гуноҳлардандир”. Саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?” – дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, униси бунинг отасини сўкади. У бир кишининг онасини сўкади, униси бунинг онасини сўкади”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Тобеинлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳи ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй, онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг”, – дер эди.

Ота-она вафотларидан кейин ҳам фарзандлар зиммасида баъзи бурчлар бўлади. Бу ҳақда Абу Усайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади:

 “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  ҳузурларида эдик. Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менинг зиммамда учун ота-онам дунёдан ўтганидан кейин ҳам улар учун қиладиган яхшилик қолдими?” – деб сўради. “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш, аҳдларини бажариш, ота-она орқали қариндош бўлганларга силаи раҳм қилиш ва  дўстларини ҳурмат қилиш”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бугунги кунимизда ота-онасига қўпол муомала қилаётган, уларни ҳижолатга қўйиб, халқ ичида шарманда қиладиган ноқобил фарзандлар ҳам учраб туради. Минг афсуски, бирорта яқин кишиси қолмаган қариялар учун ташкил қилинган “Қариялар уйи”га бир нечта фарзандлари бор отахон ва онахонлар олиб келинмоқда. Ёшлиги, кучи ва билимини шу фарзандларни тарбиялашга сарфлаган ота-онасига қариганда, кераксиз мато каби муомала қилиш, инсонлик шаънига доғдир. Бу каби инсонлар мусулмон фарзанд номига лойиқми?! Шариатимиз фарзандларга ота-онанинг таъминотини фарз қилган. Уларни ташлаб қўйиш катта гуноҳ бўлиши билан бирга, тезда фарзандлардан ўзларига қайтадиган ишдир. Ким ота-онасига қандай муомала қилган бўлса, фарзандларидан айнан ўша муомалани кутаверсин!

Камолиддин Тожиддинов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси